“Life N Style” журнали: Ўзбекистон — вақт ва макон уйғунлашган сеҳрли манзил
Март 26, 2026. 19:32 • 2 дақ
• 85
МАНАМА, 28 март. /“Дунё” АА/. Баҳрайннинг оммабоп “Life N Style” журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти ва қадимий маданий меросига бағишланган “Ўзбекистон: сиздан олдин етиб борадиган манзил” сарлавҳали кенг қамровли мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи Ўзбекистонни шунчаки географик нуқта эмас, балки инсон руҳиятига аста-секин сингиб борувчи, ўзига хос ҳавоси ва асрий маданияти билан мафтун этувчи макон сифатида таърифлайди. Нашрда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларнинг меъморий қиёфаси фалсафий нуқтаи назардан таҳлил қилинган. Хусусан, Самарқанддаги Регистон майдонининг геометрик аниқлиги ва кошинлардаги мовий рангларнинг товланиши куннинг турли вақтларида ўзгача жозиба касб этиши, Бухоронинг сокинлиги ва Ичан-Қалъанинг лойдан тикланган деворлари вақт солномасини ўзида сақлаб келаётган жонли тарих сифатида тақдим этилади.
Журналда Ўзбекистоннинг табиий ландшафтлари — Тангритоғ (Тянь-Шань) тизмаларининг улуғворлигидан тортиб, Орол денгизининг қуриган тубида қолган кемаларнинг сукунатигача бўлган манзаралар вақтнинг рельефдаги ифодаси деб аталади. Шу билан бирга, ўзбек халқининг кундалик ритуаллари, хусусан, палов тайёрлаш санъати, Чорсу бозоридаги шовқинли ва қизғин муҳит ҳамда Марғилон ипагининг нафис товланиши мамлакатнинг ўзига хос маданий ритмини шакллантириши алоҳида урғуланган. Мақола якунида Ўзбекистонга қилинган саёҳат инсон хотирасида фақат манзаралар эмас, балки иссиқ тандирдан чиқаётган нон иси ва Регистон гумбазларида акс этган илк қуёш нурлари каби унутилмас лаҳзалар бўлиб қолиши таъкидланган.
Баҳрайн нашрида бу каби туркум мақолаларнинг эълон қилиниши Яқин Шарқ мамлакатларида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада оширишга ва икки давлат ўртасидаги сайёҳлар оқимини кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси