Шанхайда Ўзбекистон миниатюра санъати кўргазмаси очилди
Март 28, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 38
ШАНХАЙ, 28 март. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Шанхай шаҳрида миниатюра ва рангтасвир санъатига бағишланган кўргазма бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу кўргазма Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий ва гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Шанхай Халқ ҳукумати маданият ва туризм бошқармаси, хорижий давлатлар билан дўстлик ассоциацияси, Шанхай ташқи ишлар канцелярияси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон делегациясига Бадиий академия раиси Акмал Нур раҳбарлик қилди. Делегацияда музей директори Гулабза Каршиева, машҳур миниатюра рассомлари Даврон Тошев, Хайриддин Муҳитдинов, Беҳзод Ҳожиметов ҳамда санъатшунослар Асалхон Рахматуллаева ва Зилола Асқарова ҳам иштирок этди.
Кўргазмада Ўзбекистон миниатюра санъатига бағишланган махсус экспозиция тақдим этилди. Унда мамлакатнинг етакчи рассомлари томонидан яратилган 50 дан ортиқ ноёб асар илк бор хорижда намойиш этилди. Асарлар миллий анъаналар ва ўзига хос эстетикани кўрсатиб, ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Музей директори Ху Мучин Ўзбекистон миниатюра мактаби минг йиллик тарих, бой меъморий ва кулолчилик анъаналари ҳамда чуқур фалсафий дунёқараш таъсирида шаклланганини таъкидлади.
Кўргазма иштирокчилари тадбирни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий-гуманитар мулоқотни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳолашди ва унинг янги имкониятлар очишини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси