Покистоннинг машҳур телеканалида Ўзбекистон ҳақида кўрсатув намойиш этди
Сентябрь 24, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 239
ИСЛОМОБОД, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “PTV” телеканалида Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳиятига бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўрсатувда покистонлик томошабинларга мамлакатимизнинг бетакрор тарихий-маданий мероси, қадимий шаҳарлари, меъморий обидалари, миллий анъаналари ҳамда замонавий саёҳат ва дам олиш имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Дастурда бой тарихий мерос ва жадал замонавий ривожланишни ўзида мужассам этган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томошабинлар кўрсатувда Буюк Ипак йўли тарихида муҳим роль ўйнаган Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, архитектура ансамбллари, маданий мерос объектлари ва бугунги кунда ҳам мамлакатнинг бетакрор сайёҳлик қиёфасини шакллантираётган миллий ҳунармандчилик анъаналари ҳақида маълумотга эга бўлдилар.
Алоҳида лавҳалар Ўзбекистоннинг табиий-иқлим имкониятлари, зиёрат, маданий-тарихий ва рекреацион туризмни ривожлантиришга бағишланди. Туристик маҳсулотларнинг хилма-хиллиги ва саёҳатчилар учун яратилаётган қулай шароитлар мамлакатнинг турли давлатлардан ташриф буюрувчилар учун жозибадорлигини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Кўрсатув давомида Ўзбекистон миллий таомлари, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва бой маданий анъаналари республикамизни сайёҳлик йўналиши сифатида оммалаштиришга хизмат қилувчи муҳим омиллар экани қайд этилди.
Дастурнинг кўп миллионли аудиторияга эга “PTV” телеканалида эфирга узатилиши Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Покистонда тарғиб қилиш ва туристларнинг эътиборини мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилишга жалб этишда яна бир муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси