Россия ОАВ: Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
Август 30, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 121
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 30 август. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Russia News” ва “News of Russia” нашрлари Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари кенгайиб бораётганига бағишланган мақолаларни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда ёзилишича, 2017–2025 йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан товар айланмаси 3,1 баробар ошиб, 40,6 миллиард долларга етган. 2025 йилда ташкилот давлатларидан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 17,5 миллиард долларни ташкил этган. Хитой, Россия ва Қозоғистон мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкорлари сифатида қайд этилган.
Материалларда транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш, жумладан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон ва Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўл лойиҳаларини амалга ошириш минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари қаторида кўрсатилган.
Мақолаларда, шунингдек, ШҲТнинг иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган янги механизмлари, жумладан, 2035 йилгача бўлган Тараққиёт стратегияси ва ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича қарор келгусида қўшма инвестициявий, инфратузилмавий ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим асос бўлиши таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси