Швециянинг оммабоп “Resenären” журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди
Август 30, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 84СТОКГОЛМ, 30 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Туризм қўмитаси кўмагида Швециянинг “Resenären” сайёҳлик журнали илк бор Ўзбекистонга бағишланган махсус сонини чоп этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган ушбу сонда Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишлари, маданий-тарихий мероси, миллий таомлари, шунингдек, таълим ва сармоявий имкониятлари ҳақидаги олтита материал эълон қилинган.
Нашрда Швеция қироли Карл XVI Густав ва қиролича Силвиянинг 1978 йилда Ўзбекистонга қилган ташрифи, швециялик медиа вакиллари ҳамда қўшиқчилар – опа-сингил Магдалена ва Ҳанна Граафларнинг мамлакатимизга режалаштираётган сафари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган.
Журнал 40 минг нусхада чоп этилиб, бутун Швеция бўйлаб 250 дан ортиқ савдо шохобчалари ва 12 минг нафардан зиёд обуначига тарқатилади.
“Мен Ўзбекистонни илк ташрифимдаёқ ёқтириб қолдим. Бу – кенг кўламли ислоҳотлар туфайли жадал ривожланаётган, ғайратли ёш авлодга эга мафтункор мамлакат. Лойиҳамиз Ўзбекистоннинг сайёҳлик брендини Швеция ва бошқа Скандинавия мамлакатлари бозорларида тарғиб этиш, ушбу гўзал диёр ҳақида кенг маълумотлар бериш ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган”, – дейди “Resenären” бош муҳаррири Александр Олин.
Муаллифнинг сўзларига кўра, қўшимча аудиторияни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳақидаги материаллар рақамли маркетинг воситалари орқали журналнинг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида ҳам тарғиб қилинади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


