Йоахим Фритц: Бугун Ўзбекистон одамларни, ғоялар ва имкониятларни боғлайдиган кўприкка айланмоқда

Август 30, 2026. 12:30 • 3 дақ

55
Йоахим Фритц: Бугун Ўзбекистон одамларни, ғоялар ва имкониятларни боғлайдиган кўприкка айланмоқда

БЕРЛИН, 30 август. /“Дунё” АА/. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон бўйича минтақавий директори Йоахим Фритц мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Жамиятимиз ва ўз номимдан Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Ушбу давр мобайнида мамлакатингиз улкан натижаларни қўлга киритди. Келажакка йўналтирилган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, минтақа ва жаҳон миқёсидаги ишончли шерикчилик Ўзбекистон нуфузини ҳар томонлама юксалтирмоқда.

Мамлакат жадал трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда ва ўз ҳамкорларини барқарор келажак сари биргаликда ҳаракат қилишга чорламоқда. Биз ушбу жараённи ривожланиш соҳасидаги ишончли шерик сифатида қўллаб-қувватлаб, Германия–Ўзбекистон ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшамиз.

Ўзбекистон ташаббуслари ва етакчилиги туфайли Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу сўнгги йилларнинг энг муҳим ютуқларидан биридир. Шу билан бирга, минтақадаги ушбу жараён Германия ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ҳам янги босқичга олиб чиқмоқда.

2023 йилда Германия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида стратегик минтақавий шерикликка асос солинди. Бу ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлигимиз учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар, жамиятимиз кўмагида ташкил этилаётган хизмат сафарлари ва мутахассислар алмашинуви муносабатларимиз жадал ривожланаётганини кўрсатмоқда.

Жамиятимиз турли шерик ва буюртмачилар билан биргаликда ушбу жараёнларни қўллаб-қувватловчи кенг кўламли дастурларни амалга оширмоқда. Улар сув ресурсларини бошқариш, иқлим ва энергетика, савдо ва транспорт, “яшил” иқтисодиёт, самарали давлат бошқаруви, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва касбий таълим каби муҳим соҳаларни қамраб олади. Шу орқали биз минтақада иқтисодий алмашинув ва барқарор ривожланиш учун янада қулай шароитлар яратишга ҳаракат қилаяпмиз.

Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар қандай инсонни, шу жумладан, ўзимни ҳам мамлакатдаги кенг кўламли тараққиёт ҳайратга солади. Бу ерда янгиланиш, ҳаракатчанлик ва олдинга интилишни ҳар дам ҳис қилиш мумкин.

Шунингдек ўқинг

Энг муҳими, бу ўзгаришларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ёшлар саналади. Шу боис, биз ёшларнинг сифатли касбий таълим олиши, муносиб касб эгаллаши ва келажак учун зарур замонавий кўникмаларни шакллантиришига алоҳида эътибор қаратамиз.

Ўзбекистонда Германия тажрибасига асосланган дуал касбий таълим тизимига алоҳида эътибор берилаётгани бизни қувонтиради. Бу моделда давлат ва ННТ малакали кадрларни тайёрлаш учун биргаликда ҳаракат қилмоқда.

Бу борада амалий натижаларимиз кўп. Минглаб ёшлар ва мутахассислар таълим ва малака ошириш дастурларида иштирок этмоқда. Таълим муассасалари модернизация қилиниб, халқаро стандартларга мос ўқув дастурлари жорий этилмоқда, педагогларнинг малакаси оширилмоқда. Компаниялар эса дуал таълимга сармоя киритиш ва уни ривожлантириш жараёнига тобора кенг жалб этилмоқда. Ўзбекистонда фаолият юритаётган Германия компаниялари ҳам мазкур йўналишда самарали меҳнат қилаяпти.

Мамлакатда иқтисодий ҳамкорлик имкониятлари жуда катта. Айниқса, “яшил” трансформация соҳасида янги имкониятлар кўп. Сув ресурсларини самарали бошқариш, қайта тикланувчи энергия манбалари, иқлимга мос ва экологик тоза ишлаб чиқариш, хомашёни қайта ишлаш, барқарор логистика ва транспорт йўналишлари муносабатларни янада кенгайтириш мумкин бўлган истиқболли йўналишлар ҳисобланади.

Ўзбекистон халқини яна бир бор давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий қутлайман.

Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ҳамкорлик келгусида ҳам янада ривожланиб, икки халқ манфаатига хизмат қилишига тилакдошман.


Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш