“Avrasiya”: Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва ижтимоий ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратилмоқда
Январ 01, 2026. 13:25 • 3 дақ
• 430
БОКУ, 5 январь. /“Дунё” АА/. Озарбайжондаги “Avrasiya” ахборот агентлигида “Иқтисодий ўсишдан жамият тараққиётигача: янги сиёсий даврда Ўзбекистоннинг устувор йўналишлари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Янги йил арафасида эълон қилинган анъанавий йиллик Мурожаатномаси ўтаётган йил якунлари сарҳисоб қилинган ва мамлакатни келгуси даврда ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари белгилаб берилган муҳим дастурий мурожаат бўлган.
2025 йил жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик ва мураккаб халқаро вазиятга қарамасдан, ислоҳотларни изчил давом эттириш ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий позициясини мустаҳкамлаш даври бўлди. Шу маънода, 2026 йилнинг Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани давлат сиёсатининг инсонлар ҳаёт сифати ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга янада чуқурроқ эътибор қаратишга ўтаётганидан далолат беради.
“Ўзбекистон Президенти ўз Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиёти ишончли ўсишда давом этаётганини таъкидлади. 2025 йил муҳим ютуқлар билан якунланди. Давлат ялпи ички маҳсулоти биринчи марта 145 миллиард доллардан ошди, экспорт 23 фоизга ўсиб, 33,4 миллиард долларни ташкил этди. Олтин-валюта захиралари ҳажми илк бор 60 миллиард доллардан ошди, 43,1 миллиард долларлик инвестициялар оқими саноат, энергетика ва инфратузилма соҳаларида ўнлаб йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди”, - дея баён этилган мақолада.
Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “ВВ-” даражасидан “ВВ” даражасига кўтарди, бу эса ташқи молиялаштириш учун янада қулай шароитлар яратади.
Эришилган макроиқтисодий натижалар ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришлар билан бирга кечгани алоҳида таъкидланди. Фаол иш билан таъминлаш сиёсати туфайли ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди, қарийб 5 миллион киши барқарор даромад манбаига эга бўлди. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, манзилли ижтимоий ёрдам тизимини ривожлантириш ва асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини оширишга катта эътибор қаратилди. Камбағаллик кўрсаткичи йил давомида 8,9 фоиздан 5,8 фоизга қисқарди, қарийб 1,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилди.
Манбада айтилганидек, бу кўрсаткичлар иқтисодиёт барқарорлигини ошириш ва ижтимоий ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган изчил ислоҳотлар натижаси бўлди. Иқтисодий ютуқлар давлатнинг ижтимоий вазифаларни ҳал этиш ва аҳолини қўллаб-қувватлашнинг узоқ муддатли дастурларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш имконини берди.
Мурожаатномада Ўзбекистоннинг прагматик, очиқ ва узоқ муддатли миллий манфаатларга йўналтирилган ташқи сиёсий йўлига алоҳида эътибор қаратилди. Фаол ва пухта ўйланган ташқи сиёсат мамлакатнинг барқарор тараққиёти, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва халқаро нуфузини мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиб қолмоқда.
Ўтган даврда Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар географиясини сезиларли даражада кенгайтирди. Ҳам қўшни давлатлар, ҳам дунёнинг етакчи марказлари билан шериклик мустаҳкамланиб, минтақавий ҳамкорлик бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бундай йўл Ўзбекистоннинг халқаро жараёнларда ўзаро манфаатдор ва ҳурмат тамойилларига таянган ҳолда янада эътиборли ва масъулиятли ўрин эгаллашга интилишидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси