Озарбайжон ОАВ: Ўзбек мўъжизаси давом этмоқда
Январ 05, 2026. 15:20 • 2 дақ
• 345
БАКУ, 5 январь. /“Дунё” AA/. Озарбайжоннинг оммабоп “Haqqan.az” нашрида “Ўзбек мўъжизаси давом этмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг илк йирик интервьюсини берди. Унда у давлат бошқаруви тизимидаги ўз роли, Президентнинг иш услуби ва Администрациянинг асосий устувор йўналишлари ҳақида батафсил сўзлаб берди”, – деб ёзган муаллиф мақолада.
Нашрда таъкидланишича, Саида Мирзиёева Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий фазилатлари ҳақида тўхталиб, унинг одамларни эшита олиши, жамоага ишониш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш қобилиятини қайд этди. Унинг айтишича, ислоҳотлар нафақат қатъий қарорлар, балки мослашувчанлик, мулоқот ва ишонч ҳисобига амалга оширилмоқда.
Администрация раҳбари иш фаолиятидаги бешта устувор йўналишни белгилаб берди: сув таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш, бизнесни ривожлантириш ва суд тизими. Айниқса, сув масаласига аграр мамлакат учун стратегик ресурс сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини айтди. Таълим ва тиббиётдаги ўзгаришларни у натижаси дарҳол кўринмайдиган узоқ муддатли вазифалар деб атади.
“Саида Мирзиёева суд тизимининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, шаффоф ва адолатли одил судловсиз иқтисодиётда самарали ислоҳотлар ўтказиш, инвестициялар ўсиши ва фуқароларнинг давлатга бўлган ишончига эришиб бўлмайди, – дейилади материалда.
Шунингдек, Мирзиёева ўзининг Администрация раҳбари этиб тайинланишини Президентга жойлардаги вазият ҳақида тўғридан-тўғри ва холис ахборот етказиб туриш зарурати билан изоҳлади. Унинг айтишича, айнан шундай механизм ислоҳотлар амалга оширилишини самарали назорат қилиш ва ҳудудлардаги реал муаммоларга ўз вақтида муносабат билдириш имконини беради”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси