Покистон ОАВ: Тошкент Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилишига ҳозирлик кўрмоқда
Июнь 01, 2026. 09:00 • 3 дақ
• 192ИСЛОМОБОД, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп «The Diplomatic Insight» журнали ва «The World News» электрон нашри «4–6 июнь кунлари Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади» сарлавҳали мақолаларни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Уларда шу йил 4–6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида «Тинчлик, ўзаро боғлиқлик, барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш» мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ўтказилиши маълум қилинган.
Қайд этилишича, Термиз мулоқоти 2025 йилда доимий фаолият юритувчи халқаро платформа сифатида таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ташаббусини амалий жиҳатдан илгари суришга кўмаклашишга қаратилган. Ушбу ташаббус халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланди ва БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлдаги махсус резолюцияси билан мустаҳкамланди.
«Бу галги йиғилиш Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Форумда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Жанубий Кавказ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Америкадан 150 дан ортиқ сиёсий, ишбилармон ва эксперт доиралари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутиляпти», – дейилади материалларда.
Мулоқот ҳамкорлари ва иштирокчилари орасида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси, етакчи «ақл марказлари», илмий-тадқиқот муассасалари, тинчликпарвар тузилмалар, Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти, Прогрессив ислоҳотлар маркази, Конрад Аденауер, Berghof жамғармалари, PeaceNexus, Search for Common Ground, Jorjtaun университетлари ва бошқа ташкилотлар бор.
Форум дастурида сайёр сессияларни ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Мулоқот иштирокчилари Термиз шаҳрига ташриф буюриб, Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг замонавий инфратузилмаси, жумладан, “Айритом” халқаро савдо маркази ва “Termiz Cargo Center” халқаро логистика хаби фаолияти билан танишиши, қадимий шаҳарнинг бой маданий-тарихий меросини яқиндан кўриши мумкин.
«Мулоқотнинг учинчи куни Самарқандда бўлиб ўтади. Унда делегатлар тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилган Самарқанд Ренессансининг ноёб цивилизациявий мероси билан танишади. Йиғилиш якунида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, конструктив ҳамкорликни ривожлантириш ва барқарор ўзаро боғлиқликни илгари суришга қаратилган Коммюнике қабул қилиниши режалаштирилган», – деб ёзади Покистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Echo Świdwina” газетаси: Ўзбекистон – тарихий мерос ва замонавий ислоҳотлар уйғунлигида тараққий этмоқда





