Покистондан муносабат: 2025 йил Ўзбекистон ташқи сиёсий позицияларининг мустаҳкамланиши билан ажралиб турди
Январ 12, 2026. 14:00 • 4 дақ
• 96
ИСЛОМОБОД, 12 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «The Gulf Observer» ва «The Europe Today» электрон нашрларида «Ўзбекистонда трансформациянинг ўн йиллиги» сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
«2025 йил Ўзбекистон ташқи сиёсатида сифат жиҳатидан янгиланиш ва мавқеларни мустаҳкамлаш босқичи сифатида қайд этилди, – дейилган мақолалар муқаддимасида. – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бельгияга, Европа пойтахти Брюсселга ташриф буюриб, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан биргаликда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (EPCA) имзолади. Дарҳақиқат, 2025 йил чин маънода Ўзбекистон йили бўлди. EPCAнинг имзоланиши, Самарқандда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» анжуманининг ўтказилиши, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига (Париждан ташқарида илк бор) мезбонлик қилиниши, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШда Дональд Трамп билан учрашуви бу юксалиш суръатини яққол тасдиқлайди».
Мутахассислар фикрига кўра, 2025 йил Ўзбекистон ташқи сиёсий позицияларининг мустаҳкамланиши билан ажралиб турди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон очиқ, прагматик, фаол ва ташаббускор ташқи сиёсат олиб борди. Марказий Осиёда муҳим ўзгаришларга гувоҳ бўлдик, жумладан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида тинчлик келишуви имзоланди. Ушбу можарода Ўзбекистон асосий воситачи бўлганини таъкидлаш мумкин.
Мақолаларда ёзилишича, мамлакат бутун дунё бўйлаб шериклик алоқаларини шакллантирган ҳолда юқори даражада самарали ташқи сиёсатни ривожлантира бошлади. Бугун Ўзбекистон АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи, Туркия, Яқин Шарқ ва дунёнинг кўплаб давлатлари диққат марказида. Ушбу барча акторлар Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтиришга интилаяпти, чунки мамлакат глобал инқирозлар авж олаётган замонда ишончли шерик сифатида намоён бўлмоқда.
«2021 йил апрелидан буён Ўзбекистон ЕИнинг Умумлаштирилган преференциялар тизими доирасида Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус рағбатлантирувчи тизим (GSP+) орқали Европа бозорига бир томонлама имтиёзли кириш имкониятига эга бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни глобал бозорларга очди ва бунга эришиш йўлларидан бири Марказий Осиёни Европа Иттифоқига яқинлаштириш бўлди», – дея қайд этилган манбаларда.
Таъкидланишича, сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо ҳажми икки баробардан ортиқ ўсиб, 2024 йилда тахминан 6,4 миллиард еврога етди. Франция, Германия, Бельгия ва Италия компаниялари тўқимачилик, қайта тикланувчи энергетика ва логистика соҳаларида ўз фаолиятини кенгайтирди. Ҳозирда Ўзбекистонда 1000 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда, Европа инвестиция портфели эса 40 миллиард еврога баҳоланмоқда.
Мақолаларда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Калласнинг қуйидаги фикрлари келтирилган: «Ўзбекистон Европа Иттифоқи учун муҳим шерикдир. Бугун имзоланган тарихий битим ЕИ–Ўзбекистон муносабатларида янги саҳифа очади. Бу сиёсий, савдо ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларимизда муҳим қадамдир».
Нашрларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам қўйилгани эътироф этилган. Қайд этилишича, Вашингтонда ўтказилган «Марказий Осиё – АҚШ» саммити ва олий даражадаги икки томонлама музокаралар ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди.
«2025 йилда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги яқинлашув янада яққол намоён бўлди. Дональд Трамп БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида Ўзбекистон Президенти билан учрашишга интилиши бунга мисол бўла олади. 2025 йил ноябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонда Дональд Трамп билан учрашувидан сўнг АҚШ Давлат департаменти икки томонлама муносабатлар тарихида инвестиция кўлами ва стратегик аҳамияти жиҳатидан энг йирик келишувлар пакетини эълон қилди», – деб ёзган Покистон ОАВ.
Шунингдек, мақолаларда “Янги Ўзбекистон” концепцияси доирасида мамлакат кўп қиррали ташқи сиёсат олиб бораётгани ва Осиё ҳамда Европа ўртасида кўприк вазифасини бажараётгани қайд этилган.
2016 йилдан буён Ўзбекистон қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара муаммосини ҳал этишда Ўзбекистон ҳал қилувчи воситачи ролини ўйнади. 2025 йил 31 март куни Хўжандда уч давлат етакчилари барча ҳудудий низолар ҳал этилганини расман эълон қилдилар.
2025 йилда туризм Ўзбекистоннинг халқаро имижини шакллантиришда муҳим ўрин тутди. «БМТ-Туризм» ташкилотига кўра, Ўзбекистон дунёда энг тез ривожланаётган туристик йўналишлар қаторига кирди. Хусусан, 2025 йилнинг 11 ойи ичида мамлакатга 10,7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди.
Мақолалар қуйидаги сўзлар билан якунланган: «2016 йилдан буён Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон трансформацияси ташқи сиёсатда кўп қирралилик, фаоллик, тинчликпарварлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва очиқлик билан тавсифланади. Кўп векторли дипломатия ва иқтисодий дипломатия Ўзбекистонни халқаро майдонда намунавий давлатга айлантирди. Туризм ва маданият орқали Ўзбекистон цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни фаол тарғиб қилиб, глобал ҳамкорлик ва тинчлик платформаси сифатида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда».
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси