Logo

Ўзбекистон–Венгрия муносабатлари стратегик шериклик асосида тобора ривожланмоқда

Январ 19, 2026. 14:32 • 3 дақ

270
Ўзбекистон–Венгрия муносабатлари стратегик шериклик асосида тобора ривожланмоқда

БУДАПЕШТ, 21 январь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг нуфузли “Eurasia” журналида “Шарққа очилиш” сиёсатининг 15 йиллигига бағишлаб махсус мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда ёзилишича, “Шарққа очилиш” сиёсати Венгриянинг ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий стратегияси бўлиб, 2010 йилда Бош вазир Виктор Орбан ҳукумати ҳокимият тепасига келганидан сўнг амалга оширилган. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг халқаро алоқаларини диверсификация қилиш, Шарқ ва Жануб мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Ўзбекистон ва Венгрияни чуқур тарихий илдизлар бирлаштиради. Уларнинг ўзаро манфаатлари ва маданий алоқалари қадим замонлардаёқ бошланган ва ўшандан бери асрлар оша кўзга кўринмас ип бўлиб чўзилган.

Машҳур венгер шарқшунослари Армин Вамбери ва Аурель Штейн XIX–XX асрларда Марказий Осиё бўйлаб саёҳат қилиб, ўз асарларида минтақа халқларининг анъаналари ва урф-одатларини батафсил тасвирлаб берган. Уларнинг тадқиқотлари ўзбек ва венгер халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг бугунги ривожи билан чамбарчас боғлиқ.

Кейинги йилларда Ўзбекистон – Венгрия муносабатлари янги суръат касб этиб, жадал ривожланмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги дўстона ва ишончли алоқалар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли сезиларли даражада мустаҳкамланди ва тарихий даражага етди.

Венгрия Ўзбекистоннинг Европадаги биринчи рақамла стратегик ҳамкорига айланди. Ушбу шериклик тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш, ишончли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга ўзаро содиқликни таъкидлайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон – Венгрия муносабатлари фаол ташрифлар ва олий даражадаги учрашувлар билан ажралиб туради. Мамлакатларимиз етакчилари ҳам икки томонлама, ҳам халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида мунтазам мулоқот олиб бормоқда.

Биз барча даражаларда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга интиламиз. Икки мамлакат парламентлари Ўзбекистон–Венгрия муносабатларини кенгайтиришда фаол иштирок этмоқда. Вазирлик ва идоралар вакилларининг мунтазам учрашувлари ўзаро манфаатларга мувофиқ ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто сўнгги йилларда Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрди. 2023 йилда икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди. Бу икки томонлама муносабатлар учун муҳим воқеа бўлди. 2025 йилда Ўзбекистоннинг Венгриядаги биринчи элчиси тайинланган.

Бугунги кунда ташқи ишлар вазирликлари давлат раҳбарлари ўртасида эришилган барча келишувларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи куч бўлиб, Ўзбекистоннинг уфқлари ва имкониятларини кенгайтиришда муҳим рол ўйнамоқда.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилди. Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми сезиларли даражада ошди. Венгриянинг йирик компаниялари Ўзбекистон бозорида фаол ишламоқда.

Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги алоқалар кенгайиб бораётгани алоҳида эътиборга лойиқ. 2025 йилда Самарқанд вилояти ва Венгриянинг Чонград-Чанад вилояти ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган эди. Ҳудди шундай ҳамкорлик Жиззах вилояти ва Жўр-Мўшон-Шопрон, Фарғона вилояти ва Боршод-Абауй-Земплен вилоятлари ўртасида ҳам ривожланмоқда.

Тарихий ришталар, ўзаро ҳурмат ва муштарак мақсадлар йўлидаги мустаҳкам шерикликка асосланган замонавий Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида янада яқин ҳамкорлик учун истиқболлар очмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш