Сўнгги йилларда 1000 дан ортиқ технологик компания бизнес учун Ўзбекистонни танлади
Июнь 28, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 33
ИСЛОМОБОД, 28 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan In The World” нашрида “Ўзбекистон технологик бизнес учун операцион хаб сифатида: рақамлар, имкониятлар ва бу нима учун самарали?” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон технологик бизнес учун операцион хаб сифатида тобора ривожланмоқда. Бу борада 1000 дан ортиқ технологик компания Ўзбекистонни танлаган. Алоҳида афзаллик шундаки, бизнес Ўзбекистонда асосий жараёнларни ташкил этиш учун ойлаб вақт сарфламайди.
Ўзбекистондаги “IT Park” нафақат компанияларни рўйхатдан ўтказишда, балки ишлаш учун тайёр инфратузилма – офис, мебель, техника ва барча уланган коммуникациялар билан ҳам ёрдам бермоқда. Бизнесни йўлга қўйиш бўйича барча асосий жараёнлар битта ойна – “One Stop Shop” орқали амалга оширилмоқда.
Нашрда таъкидланишича, “IT Park” резидентлари учун минтақадаги тех-бизнес учун энг қулай солиқ шартларидан бири амал қилади: 0% корпоратив солиқ, ҚҚС ва ижтимоий солиқ. Ходимлар учун даромад солиғи 7,5% ни ташкил этади, бу кўплаб Европа мамлакатларига қараганда сезиларли даражада паст. Бунинг ҳисобига компаниялар юқори солиқ юкига эмас, балки жамоани ривожлантириш ва бизнесни кенгайтиришга кўпроқ ресурс сарфлаши мумкин.
Қўшимча афзаллик – яшаш ва операцион харажатлар. Ўзбекистонда бизнес ходимларни ёллаш, жамоани сақлаш ва кундалик жараёнларга камроқ маблағ сарфлайди, иш ва яшаш шароитлари эса халқаро бизнес учун қулай бўлиб қолмоқда.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистонда таъсисчилар, инвесторлар ва IT-мутахассислар учун уч йил муддатга IT-виза амал қилади. У мамлакатда алоҳида ишлаш рухсатномасисиз яшаш ва ишлаш имконини беради ва оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, IT-виза эгалари Ўзбекистон фуқаролари билан бир хил шартларда тиббиёт ва таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар, шунингдек, кўчмас мулк сотиб олишлари мумкин.
“IT Park компанияларга нафақат бошланғич босқичда, балки ўсишда ҳам кўмаклашади: жамоани топиш, янги йўналишларни ишга тушириш, нетворкинг ва халқаро бозорларга чиқиш. Хорижий компаниялар учун бу ерда инфратузилмани қўллаб-қувватлаш тизими аллақачон яратилган бўлиб, бизнес ортиқча бюрократиясиз кенгайиши мумкин”, дея ёзилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси