“El Mundo Financiero”: Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг маънавий юксалиш стратегиясига айланмоқда
Март 23, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 233
МАДРИД, 23 март. /“Дунё” АА/. Испаниянинг етакчи нашрларидан бири “El Mundo Financiero” нашрида “Учинчи Ренессанс: Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал юксалиш стратегияси сифатида” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда ёзилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси мамлакатнинг тарихий илмий меросини замонавий инновациялар билан уйғунлаштиришга асосланган. Бу жараёнда Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази муҳим аҳамиятга эгадир.
Испан нашри ушбу марказ кўламини “Интеллектуал мегалойиҳа” сифатида баҳолаган. Қайд этилишича, лойиҳанинг асосий мақсади ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш ҳамда Марказий Осиёдан етишиб чиққан буюк алломалар – Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Имом Бухорий каби даҳоларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилишдан иборат.
“Бу шунчаки музей эмас, балки тирик илм-фан маконидир”, деб ёзади нашр. Марказда ноёб қўлёзмалар фонди, замонавий кутубхона, рақамлаштириш лабораториялари ва илмий-тадқиқот бўлимлари фаолият юритиши халқаро илмий доиралар учун катта имкониятлар эшигини очади.
“El Mundo Financiero” марказнинг халқаро майдондаги аҳамиятига тўхталиб, унинг ЮНЕСКО, ИҲТ, ИСЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлигини алоҳида қайд этган.
Мақола хулосасида айтилишича, Ўзбекистон ушбу лойиҳа орқали нафақат ўз тарихий меросини тикламоқда, балки минтақада тинчлик, бағрикенглик ва маърифат маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси