“The Times of India”: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — тарихий мерос ва замонавий инновациялар учрашган нуқта
Март 23, 2026. 21:13 • 3 дақ
• 30
ТОШКEНТ, 23 март. /«Дунё» ИА/. Ҳиндистоннинг нуфузли “Тhе Times of India” нашрида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – “Учинчи Ренессанс” ғоясининг ифодаси” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда қайд этилишича, Марказ Марказий Осиёнинг илмий ва маданий меросини замонавий ёндашувлар асосида қайта талқин этувчи ноёб платформа сифатида шаклланмоқда. У нафақат музей, балки илмий-тадқиқот, таълим ва халқаро ҳамкорликни ўзида мужассам этган кўп функцияли марказ сифатида баҳоланди.
Нашрда таъкидланишича, мажмуа тахминан 10 гектар ҳудудни эгаллайди ва унинг марказий меъморий элементи сифатида 65 метр баландликдаги мовий гумбаз барпо этилган. Комплекс таркибида тўрт рамзий дарвоза мавжуд бўлиб, улар мамлакат ҳудудларининг бирлигини ифодалайди. Меъморий ечимда Темурийлар даври анъаналари замонавий дизайн билан уйғунлаштирилгани қайд этилган.
“Тhe Times of India” мақоласида марказ ички тузилиши ҳам батафсил ёритилган. Унда турли тарихий даврларни қамраб олувчи экспозициялар, минглаб нодир қўлёзмалар ва артефактлар намойиш этилиши кўзда тутилган. Хусусан, Ислом цивилизацияси ривожида Марказий Осиёнинг тутган ўрни кенг ёритилади.
Марказ концепцияси доирасида ташриф буюрувчиларга замонавий технологиялар асосида интерактив тажриба тақдим этилади. Виртуал реаллик, мультимедиа тизимлари ва рақамли ечимлар орқали тарихий жараёнлар жонлантирилади, бу эса экспозицияни янада тушунарли ва қизиқарли шаклда тақдим этишга хизмат қилади.
Нашрда марказнинг илмий инфратузилмаси ҳам алоҳида қайд этилган. Хусусан, 1 миллиондан ортиқ китоб фондига эга кутубхона, тадқиқот лабораториялари ва реставрация марказлари унинг илмий салоҳиятини янада оширади.
“Тhe Times of India” таҳлилига кўра, ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг тарихий меросини қайта тиклаш билан бирга, уни глобал илмий ва маданий маконга интеграция қилишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, марказ халқаро ҳамкорлик учун очиқ платформа сифатида кўрилиб, турли мамлакатлар мутахассислари, тадқиқотчилари ва ташкилотлари иштирокида шакллантирилган.
Мақолада алоҳида урғу берилишича, Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг “Учинчи Ренессанс” концепциясини амалда рўёбга чиқаришга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири бўлиб, у мамлакатнинг илм-фан, таълим ва маданият соҳаларидаги интилишларини халқаро миқёсда намоён этади.
Умуман олганда, “Тhe Times of India” материалида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий мерос ва замонавий инновацияларни уйғунлаштирган ҳолда, Ўзбекистонни глобал илмий ва маданий ҳамкорлик марказларидан бири сифатида намоён этувчи стратегик лойиҳа экани таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси