Хитой оммавий ахборот воситалари Ислом цивилизацияси марказини минтақанинг муҳим лойиҳаларидан бири сифатида эътироф этди
Март 23, 2026. 15:43 • 3 дақ
• 66
ПЕКИН, 23 март. /«Дунё» АА/. Хитойнинг инглиз тилидаги етакчи «China Daily» газетасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
«Тошкентда ўзбек маданиятининг рамзий иншооти қад ростлади» сарлавҳали мақолада қайд этилишича, янги Ислом цивилизацияси маркази ўз очилишидан сўнг мамлакатнинг энг муҳим маданий объектларидан бири сифатида эътироф этилди.
«Мажмуа нафақат маданий диққатга сазовор маскан, балки Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва интеллектуал тараққиёти стратегиясининг ҳам ифодасидир. У Тошкентнинг тарихий марказида 10 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, 65 метр баландликдаги мовий гумбаз ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бирлигини рамзий ифодаловчи тўртта олтин дарвозани ўз ичига олади. Унинг меъморий услуби ҳар бир чизиққа алоҳида эътибор қаратилган ҳолда, Темурийлар даври анъаналари билан замонавий технологик ечимларнинг уйғун ва ҳамоҳанг бирлашувини акс эттиради», - деб ёзади «China Daily».
Асосий устун Ўзбекистоннинг тарихий обидаларидан бири бўлган Улуғбек мадрасасининг бой меъморий анъаналарини акс эттириб, Қуръондан олинган хаттотлик ёзувлари билан безатилган. Кўргазманинг концепцияси анъанавий музейлардан фарқ қилади - у оддий тарихий фактларни баён этиш доирасидан чиқиб, ташриф буюрувчиларни жонли интеллектуал муҳитга шўнғитади. “Цивилизациялар девори” деб номланган йирик мультимедиа панели инсониятнинг узлуксиз интеллектуал тараққиётини тасвирлаб, ҳар бир даврнинг буюк алломалари томонидан амалга оширилган кашфиётлар замонавий илғор технологиялар билан бевосита узвий боғлиқлигини яққол намоён этади.
40 дан ортиқ мамлакатлардан келган мутахассислар ва дизайнерлар марказ фаолиятини такомиллаштириш ҳамда унинг экспозицияларини бойитишга ўз ҳиссаларини қўшган. Мазкур лойиҳа, шунингдек, хорижда тарқалиб кетган ўзбек маданий меросини қайтаришга ҳам хизмат қилмоқда. Февраль ойида Версал мукофотининг Халқаро қўмитаси марказни “2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари” рўйхатига киритди.
«China Daily» ўз нашрида ўқувчиларни Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг замонавий ҳолати билан ҳам таништиради. Таъкидланишича, Узбекистан ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сиёсий мулоқот, хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқалар, шунингдек маданий ва инсонлараро алмашинувларни қамраб олган ҳолда барқарор ривожланиш динамикасини намоён этмоқда.
«China Daily» газетасининг хулосасига кўра, Узбекистан ва Хитой барча соҳаларда ҳамкорлик учун улкан салоҳиятга эга. Икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик икки томонлама ҳамда халқаро миқёсда мустаҳкам дўстлик ва ишончли шерикликнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси