Logo

Тожикистон ОАВ: Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқув жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказилмоқда

Август 16, 2024. 09:41 • 2 дақ

85
Тожикистон ОАВ: Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқув жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказилмоқда

ДУШАНБЕ, 16 август. /"Дунё" АА/. Тожикистоннинг етакчи "Avesta" ахборот агентлигида "Ўзбекистонда олий таълим тизимидаги ислоҳотлар рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда ёзилишича, ҳозирги ривожланиш босқичида Ўзбекистоннинг олий таълим тизими муҳим институционал ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Маъмурий ислоҳотлар доирасида ва олий таълим, илмий-инновацион фаолиятни интеграциялаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига айлантирилди. Вазирлик қошида олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази фаолият кўрсатмоқда, у малакавий талаблар ва таълим дастурларини таҳлил қилади, олий таълимни ривожлантиришнинг илғор хорижий тажрибасини ўрганади.

Мақолада 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилингани маълум қилинган. "У олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, республика олий ўқув юртларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингларида илгари суриш учун асос яратди. Бу ҳужжат университетлар тизимини ривожлантириш бўйича стратегик дастурга айланиб, ривожланишнинг асосий кўрсаткичларини белгилади", – дейилади мақолада.

Нашрда қайд этилишича, тизимли чора-тадбирлар туфайли мамлакатнинг икки олий ўқув юрти – Миллий тадқиқот университети "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети биринчи марта дунёнинг TOP-1000 энг яхши университетлари рейтингига кирди.

"Avesta" ахборот агентлиги, шунингдек, амалдаги ислоҳотлар доирасида замонавий стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, 2020 йилдан бошлаб мамлакатнинг барча олий ўқув юртлари Европанинг олий таълим тизими асосида (European Credit Transfer and Accumulation System) кредит-модуль тизимига босқичма-босқич ўтишни бошлаганини маълум қилган.

Мақола хулосасида "Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар таълим хизматлари бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш, илғор олий таълим стандартларини жорий этиш, олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўяди", – деб ёзган "Avesta" АА.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш