“Малатия Бирлик” газетаси: Ота юртга албатта бориб кўринг! Ўзбекистонда Анадолу, Анадолуда эса Ўзбекистон борлигига гувоҳ бўласиз
Январ 17, 2026. 15:38 • 3 дақ
• 262
АНҚАРА, 21 январь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг “Малатия Бирлик” газетасида юртимизга келган турк тадқиқотчиси, доцент Деврим Алкаянинг саёҳат таассуротлари ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Деврим Алкая ташриф давомида Ўзбекистон ва Анадолу ўртасидаги мустаҳкам тарихий-маданий асосларга гувоҳ бўлганини таъкидлаган. У ҳар икки мамлакатнинг бугунги кунда ҳам кўплаб муштаракликлари мавжудлигини алоҳида қайд этган.
Турк тадқиқотчисининг айтишича, Ўзбекистон ва Анадолу туркий дунёсининг икки муҳим ҳалқаси ҳисобланади. Анадолудаги туркларнинг аждодлари катта қисми Марказий Осиёдан, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон заминидан кўчиб келган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон – турк-ислом цивилизациясининг бешиги, Анадолу эса – цивилизация ривожланиб, илдиз отган марказ саналади.
Тил ва қадриятлардаги ўхшашликларга ҳам эътибор қаратган турк олими “Ўзбек ва турк тиллари айни тил оиласига мансублиги сабаб “она”, “ота”, “сув”, “нон”, “йўл”, “тоғ” каби иккала жамиятда ҳам кенг қўлланиладиган сўзларнинг ўхшашлигини маълум қилган.
Анъана ва урф-одатларда ҳам умумий жиҳатлар бисёр. Меҳмондўстлик, катталарга ҳурмат ва мустаҳкам оилавий ришталар иккала жамиятнинг асосий қадриятлари қаторига киради. Тўйлар, фестиваллар ва анъанавий урф-одатлардаги маросимлар ҳам деярли бир хил.
Деврим Алкая ўз таассуротларида ўзбек-турк гастрономиясидаги яқинликка ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. У гуручли таомлар, кабоб ва хамир овқатлар иккала минтақада ҳам муҳим ўрин тутишини айтади. Унинг таъкидлашича, дастурхон одатлари ҳамда бирга овқатланиш анъанаси ҳам ўзбек ва турк маданиятидаги умумий қадриятдир.
“Ҳунармандчилик ва бадиий санъат тушунчаларимизда ҳам ажойиб ўхшашликлар бор. Гиламчилик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги ва масжид меъморчилигида умумий изларни кўриш мумкин. Баъзи ўзбек масжидлари ҳатто Анадолудаги, айниқса, Денизли минтақасидаги масжидларга жуда ўхшаш”, дейди туркиялик олим.
Деврим Алкая баъзи тарихчиларнинг “Ўзбекистон” номининг этимологияси борасидаги фикрларга ҳам тўхталар экан, “Ўз” сўзи биз турклар учун муҳим бўлган “Ўғуз” атамасини ёдга солади. Бу талқин тарихий алоқаларимизга алоҳида мазмун бағишлайди. Қолаверса. Анадолунинг кўплаб ҳудудларида Хоразм (Хорзум) каби топонимлар борлиги, бугунги Хоразмда эса Туркиянинг вилоятларидан бўлган Караман (Қорамон) номли қишлоқнинг мавжудлиги тасодиф эмас” дейди олим.
Мақола якунида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлигини билдирган олим, туркиялик газетхонларни Ота Юртга чорлаб, “Албатта бориб кўринг! Ўзбекистонда Анадолу, Анадолуда эса Ўзбекистон борлигига гувоҳ бўласиз” деб хулоса қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси