Logo

Немис матбуоти: Ўзбекистон–Германия текстил соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Январ 09, 2026. 09:23 • 2 дақ

238
Немис матбуоти: Ўзбекистон–Германия текстил соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

БЕРЛИН, 9 январь. /“Дунё” АА/. Германиядаги “Masche” журналида “GUZ Partners (GermanUzbek textile Partners)” қўшма лойиҳасининг уч йиллик сарҳисоби ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси нашрида таъкидланишича, Германия текстиль ва трикотаж компаниялари уюшмаси  “Gesamtmasche” ва “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси “GUZ Partners” қўшма лойиҳаси бўйича ҳамкорликни барқарор ривожлантириб келмоқда.

2025 йил ноябрь ойида уч йиллик лойиҳани баҳолаш мақсадида “GUZ Partners” томонидан Тошкент, Наманган, Фарғона ва Қарши шаҳарларида турли суҳбатлар ўтказилган. Лойиҳада асосий эътибор ўзбек тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида барқарор ривожланишни шакллантириш ҳамда саноат корхоналарини соҳа бўйича немис компаниялари билан ҳамкорликка тайёрлашга қаратилган.

“Лойиҳанинг мультипликаторлар концепцияси орқали самарадор натижаларга эришилган. Хусусан, корхоналар ишлаб чиқариш жараёнларини яхшилаш орқали Европа, айниқса, Германия талабларига яхшироқ мослашиш имкониятларини ўрганган. Лойиҳа доирасида “Ўзтўқимачиликсаноати”га экспортни қўллаб-қувватлаш, маркетинг, сертификатлаш ва ЕИ талабларига мувофиқлик соҳаларида барқарор консалтинг хизматлари орқали яқиндан кўмак берилган”, – деб ёзилган немис нашрида.

Мақолада Ўзбекистоннинг GSP+ мақоми туфайли халқаро ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётгани, бу мақом асосий халқаро конвенцияларга риоя этилишини тасдиқлаши, мамлакатга ЕИ бозорига имтиёзли, бож тўловисиз кириш имкониятини бериши алоҳида таъкидланган.

Қайд этилишича, лойиҳа учун Фарғона вилояти пилот ҳудуд сифатида танланган ва унга корхоналар, олий ўқув юртлари ҳамда тренинг марказлари тизимли равишда жалб этилган.

Тренерларни ўқитиш лойиҳаси “Trainer-of-Trainers” дастурлари маҳаллий мультипликаторларни тайёрлаш орқали узоқ муддатли самарага эришишни таъминлаган. Мазкур ҳудудга бугунги кунда лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича намуна сифатида қаралмоқда. Қашқадарё вилояти лойиҳанинг иккинчи пилот ҳудуди сифатида шакллантирилмоқда.

“GUZ Partners” лойиҳаси икки давлат ҳукуматлари томонидан, хусусан, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Германиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу унинг икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлигидаги аҳамиятини англатади. Эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Gesamtmasche” ва “Ўзтўқимачиликсаноати” 2026 йилда лойиҳани давом эттиришни режалаштирмоқда”, – деб ёзилган мақолада.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш