Тошкентдаги халқаро форум Туркия ОАВда кенг ёритилди
Апрель 06, 2026. 09:13 • 2 дақ
• 135
ТОШКЕНТ, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида Халқаро ўрмонлар куни муносабати билан ташкил этилган халқаро форум Туркия оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Туркиянинг нуфузли “Sondakika”, “Haberler”, “Habername” каби нуфузли нашрларида ушбу тадбир ҳақида турли материаллар эълон қилинди.
Турк ОАВларида қайд этилишича, форум Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўрмон агентлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида ташкил этилган.
Нашрларда таъкидланишича, форумнинг асосий мақсади йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўрмонларни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва биологик хилма-хилликни сақлашдан иборат. Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, чўлланишнинг олдини олиш ва янги ўрмон майдонларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, “Haberler” нашри форумда барқарор ўрмон хўжалиги ва “яшил тараққиёт” тамойилларига урғу берилганини қайд этган бўлса, “Sondakika” сайти форум доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинганини ёритган. Шунингдек, “Habername” портали форум доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар ва ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтган.
Нуфузли нашрларда эълон қилинган материалларда БМТнинг Ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмаил Беленнинг фикрлари ҳам кенг ёритилган. Мутахассиснинг таъкидлашича, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган бундай халқаро тадбирлар “яшил келажак”ни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, Исмаил Белен Ўзбекистонда ўрмон хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, сўнгги йилларда мамлакат бу йўналишда сезиларли ютуқларга эришганини алоҳида эътироф этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси