“Asdaa Oman” газетаси: Ўзбекистон Президенти "Яшил макон" лойиҳасини бошлаб берди
Апрель 03, 2026. 21:30 • 3 дақ
• 105
МАСКАТ, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Ўмон Султонлигида чоп этиладиган “Asdaa Oman” газетасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилган кўчат экиш тадбирида иштирокига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири..
Мақолада ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси қатнашган “Яшил макон” тадбирида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, учрашувда қайт этилишича, 2 минг гектардан ортиқ майдонда 942 та яшил боғ ва жамоат парклари, 47 та массивда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилди. Шу билан бирга, мамлакатнинг тоғ, чўл ва адир ҳудудларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди.
Орол денгизи қуриб қолган ҳудудида 2 миллион гектар майдонда ҳимоявий ўрмонзорлар яратилиб, шамол ва қум-чанг бўронларининг олдини олиш мақсадида 33 та туманда 60 километрлик “яшил белбоғ” барпо этилди.
Қисқа вақт ичида мамлакатдаги умумий яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизгача ошди. Президент томонидан имзоланган янги фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 30 фоизга етказиш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метргача кенгайтириш режалаштирилган.
Мазкур мақсадларга эришиш учун ҳудудларда янги лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, Сурхондарё вилоятида 10 минг гектарлик “яшил макон” барпо этилади, Сирдарёда эса 84 километрлик “яшил девор” яратилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухоро вилоятларида 300 минг гектардан, Хоразмда эса 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар ташкил этиш мақсад қилинган.
Шунингдек, вилоят ҳокимларига камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология боғлари барпо этиш, 20 тадан соя-салқин сайр кўчаларини ташкил қилиш вазифаси юклатилган.
Мақолада таъкидланишича, “Менинг боғим” дастури доирасида илгари ҳар бир лойиҳа учун бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ ажратилган бўлса, эндиликда бу миқдор 400 миллион сўмгача оширилди. Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли томонидан танланган, яшаш ҳудудига яқин ва сув таъминоти мавжуд бўлган ҳудуддан 1 гектаргача ер ажратилади.
Янги тартибга мувофиқ, жорий йилдан бошлаб Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ўз сайлов округида яшил ҳудуд ёки боғ яратиш учун 412 миллион сўмдан маблағ ажратилиши белгиланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси