“Okaz”: Тошкентда иш бошлаган марказ жаҳон ислом меросини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга
Март 24, 2026. 10:32 • 2 дақ
• 266
АР-РИЁЗ, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг “Okaz” газетасида Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада айтилишича, Рамазон ойида Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилган. Бу воқеа Ўзбекистоннинг исломий меросни эъзозлаш ва халқаро майдондаги маданий нуфузини оширишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.
Тадбирда кўплаб расмий, диний ва дипломатик шахслар иштирок этди. Саудия Қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг Каъба қисвасининг бир парчасини Тошкентга совға сифатида тақдим этиши алоҳида эътироф этилган. Бу ишора икки давлат ўртасидаги қардошлик ва Саудиянинг исломга хизматдаги етакчи ролини намоён қилди.
Марказ жаҳон ислом меросини намоён қилишда муҳим аҳамиятга эга. Унда Усмон Қуръони, минглаб қўлёзмалар ва тарихий ашёлар каби ноёб экспонатлар тақдим этилган. Қисва парчаси Ар-Риёз ва Тошкент ўртасидаги мустаҳкам алоқаларни ва қиролликнинг исломий маданий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини кўрсатади.
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғунов “Okaz”га берган шарҳида таъкидлаганидек, Каъба қисвасининг марказга топширилиши чуқур рамзий маънога эга бўлиб, икки давлатнинг маданий ва диний алоқаларини мустаҳкамлайди.
Мақола сўнгида элчи подшоҳликнинг Ўзбекистоннинг маданий ва исломий ҳамкорлик соҳасидаги асосий шериги эканини, шу қўллаб-қувватлаш марказнинг ислом оламида илмий ва маънавий марказга айланишини рағбатлантиришини таъкидлаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси