Ўзбекистон туризм салоҳияти Германия ОАВ нигоҳида
Январ 08, 2026. 12:19 • 2 дақ
• 282
БЕРЛИН, 11 январь. /“Дунё” AA/. Германиянинг нуфузли туризмга ихтисослашган онлайн нашри “www.reiseblick.net”да “Улкан салоҳият: Ўзбекистон 2030 йилгача сайёҳлар сонини икки баробарга оширишни мақсад қилган” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада журналист Фред Хафнер ўзининг Ўзбекистонга қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашган.
Муаллиф мамлакатимизни Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган ва изчил ислоҳотларни амалга ошираётган давлат сифатида таърифлаб, соҳадаги муҳим рақам ва фактларни таҳлил қилган.
Материалда Ўзбекистон ҳукуматининг туризм соҳасидаги стратегик мақсадларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Тошкентда ўтган халқаро кўргазмада эълон қилинган рақамлар немис экспертларида катта қизиқиш уйғотган. Муаллифнинг таъкидлашича, 2024 йилда мамлакатга 10 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 20 миллионга етказиш режалаштирилган.
Журналист Тошкентда ўтказилган Халқаро Туризм кўргазмаси маълумотларига таяниб, соҳадаги иқтисодий кўрсаткичларга эътибор қаратади. Жумладан, 2024 йилда туризмдан тушган даромаднинг салмоқли даражада ўсиши кузатилган. Ўзбекистонда бир нафар хорижлик сайёҳнинг сарфлайдиган ўртача харажати бошқа минтақалар билан таққосланса, нафақат нарх-наволарнинг қулайлиги, балки маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати юқорилиги билан ажралиб туришини таъкидлайди.
“Мамлакатнинг яхши қўшничилик сиёсати натижасида қўшни давлатлардан келаётган сайёҳлар сони барқарор ўсиб бораётгани баробарида, Европа бозорида ҳам Ўзбекистонга бўлган интилиш кучаймоқда. Хусусан, Германиядан келган сайёҳлар сони 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ўсиб, 37,5 мингга етган. Бу Ўзбекистоннинг Европа учун янги йўналиш сифатида кашф этилаётганидан далолат беради”, - деб ёзилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси