“Китай” журнали: Иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ШҲТдаги иштирокининг асосий йўналишларидан биридир
Август 31, 2026. 15:09 • 2 дақ
• 62
ПЕКИН, 31 август. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Китай” журнали саҳифаларида “Ўзбекистоннинг ШҲТдаги ўрни: иқтисодиёт, хавфсизлик ва минтақавий кооперация” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича Ўзбекистон Ташкилот фаолиятига салмоқли амалий ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакат ШҲТга тўрт марта раислик қилиб, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Давлат раҳбарлари саммитларини муваффақиятли ўтказган.
Ҳозирги босқичда Ўзбекистон хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат ва технологик кооперация, маданий-гуманитар алоқалар ҳамда минтақавий ўзаро боғлиқлик масалаларига эътибор қаратиб, тузилманинг долзарб кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда.
Журналнинг ёзишича, иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ШҲТдаги иштирокининг асосий йўналишларидан биридир. Тошкент учун Ташкилот, энг аввало, савдони кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишончли транспорт-логистика алоқаларини шакллантириш учун самарали майдон ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо мамлакатлар билан савдо алоқалари кўлами сезиларли даражада ортмоқда. 2025 йилда мамлакат ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга етиб, бир йилда 20,7 фоизга ўсди. Ташқи савдонинг қарийб 43 фоизи энг йирик шериклар — Хитой, Россия ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мақолада иқтисодий шериклик билан бир қаторда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам Ўзбекистоннинг ШҲТдаги муҳим устувор йўналиши бўлиб қолаётгани алоҳида қайд этилган.
Нашр маълумотларига кўра, ШҲТдаги амалий кооперация фақат иқтисодиёт, хавфсизлик ёки иқлим масалалари билан чекланиб қолмайди. Унинг узоқ муддатли барқарорлиги аъзо мамлакатлар жамиятлари ўртасидаги бевосита алоқаларга боғлиқ. Ўзбекистон ШҲТнинг кўп миллатли оиласининг бой меросини оммалаштирадиган, ўзаро тушуниш ва яхши қўшничилик пойдеворини мустаҳкамлайдиган фестиваллар, форумлар ва кўргазмалар ўтказиш орқали гуманитар мулоқотни кенгайтириш тарафдоридир.
Умуман олганда, ШҲТдаги чорак асрлик иштироки давомида Ўзбекистон Ташкилотни мулоқот майдонидан амалий шерикликнинг таъсирчан механизмига айлантиришга кўмаклашиб, минтақавий кун тартибининг асосий архитекторларидан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлади.
“Тошкент томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар амалий хусусиятга эга бўлиб, барча иштирокчи давлатларнинг туб манфаатларига тўлиқ жавоб беради,- деб ёзилган “Китай” журналида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси