“The Lancet”: Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг онкология соҳасидаги технологик ютуқларини юқори баҳолади
Февраль 24, 2026. 12:43 • 2 дақ
• 120
ВЕНА, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Тиббиёт соҳасидаги нуфузли “The Lancet Oncology” халқаро журналида Ўзбекистонда онкология хизмати ҳолати бўйича тадқиқот натижалари эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Журналда ёзилишича, Болтиқбўйи, Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида нур терапияси ва диагностик тасвирлаш имкониятларининг кенг қамровли таҳлили келтирилган. Тадқиқотда таъкидланишича, бутун минтақа учун технологик тафовут ва кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш масаласи долзарблигича қолмоқда.
Шу билан бирга, муаллифлар Ўзбекистонни сезиларли демографик юкламага қарамай, инфратузилмани модернизация қилишнинг энг жадал кўрсаткичларига эга бўлган мамлакат сифатида таъкидлаган.
Мақоланинг техник таъминотга оид қисмида аниқ статистик кўрсаткичлар келтирилган. Ҳозирги вақтда республика соғлиқни сақлаш тизимида 14 та чизиқли тезлатгич (0,41 миллион аҳолига), 267 та компьютер томографияси (7,73 миллион аҳолига) ва 157 та МРТ (4,55 миллион аҳолига) аппаратлари мавжуд.
Муҳим ютуқ – 3 та ПЕТ-КТ марказларининг ишга туширилиши бўлган (1 миллионга 0,09). Бу Ўзбекистонни ядро тиббиёти усулларини жорий этиш бўйича Марказий Осиёда етакчилардан бирига айлантиради.
Кадрлар масаласида мамлакатда 149 нафар радиацион онколог ва 23 нафар тиббиёт физиги фаолият юритади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, юқори технологияли ускуналарни самарали ишлатиш учун мутахассислар сонини янада кўпайтириш зарур.
Муаллифлар ускуналар паркини янгилаш суръатига алоҳида эътибор беришади. Масофавий нур терапияси учун аппаратларнинг умумий сонидан деярли 50 фоизини замонавий чизиқли тезлаткичлар ташкил этади. Бу минтақадаги энг юқори тараққиёт кўрсаткичларидан биридир. Ўзбекистон брахитерапия соҳасида ҳам устунликка эга (1 млн.га 0,46 та аппарат). Бу ерда мамлакат қўшни давлатларга (Қирғизистон – 0,30 ва Тожикистон – 0,31) нисбатан энг яхши таъминланганлик кўрсаткичларини намойиш этмоқда.
“The Lancet”нинг 2025 йил сентябрь ойида чоп этилган болалар онкологиясидаги ислоҳотларга бағишланган нашрида Ўзбекистон бу борада халқаро намунаси сифатида келтирилган. Мамлакатнинг муваффақиятлари тизимли давлат дастурларининг амалга оширилиши билан боғлиқ.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши, 2025–2030 йилларга мўлжалланган “Болалар саратонига қарши курашиш миллий стратегияси”нинг тасдиқланиши муҳим босқич бўлди.
Ушбу чора-тадбирлар Тошкент шаҳрида Халқаро академик хабни ташкил этиш ва болалар учун сифатли дори-дармонлар билан 100 фоиз бепул таъминлаш имконини берди. Бу эса 2030 йилга бориб, беморларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга оширишга замин яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
