Озарбайжон ОАВ: Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклиги янги амалий мазмун билан бойитилди
Февраль 21, 2026. 15:30 • 1 дақ
• 128
БОКУ, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Озарбайжоннинг нуфузли “DUNYAİNFO” ахборот порталида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи якунларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрнинг ёзишича, ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди ва йирик қўшма лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Озарбайжон ОАВ Ўзбекистон етакчисининг нутқидан иқтибос келтирган ҳолда, бугунги кунда иқтисодий кун тартиби икки давлат муносабатларининг асосий устуни эканини таъкидлайди. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида шерикларнинг ишончлилиги ва қоидаларнинг олдиндан прогноз қилина олиши ҳамкорликнинг энг муҳим омили эканини қайд этди.
Мақолада икки давлат ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг янги босқичига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон вилоятлари раҳбарларининг Америка штатларига ташрифларини ташкил этиш ва тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Давлат раҳбари иштирокида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш, суғоришнинг замонавий технологияларини жорий этиш, критик минералларни қазиб олиш ва етказиб бериш ҳамда молия бозорини ривожлантиришга оид муҳим келишувлар имзолангани қайд этилган.
“DUNYAİNFO” хулосасига кўра, АҚШ “Eximbank”и ва Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг (DFC) лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдаги роли ортиб бораётгани Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган юксак ишонч ифодасидир. Бу каби келишувлар нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий барқарорлигига хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
