Ўзбекистон қишки туризм имкониятлари Хитой ОАВ диққат марказида
Январ 07, 2026. 18:04 • 2 дақ
• 603
ПЕКИН, 11 январь. /“Дунё” AA/. Хитойнинг “Target” сайёҳлик журнали саҳифаларида “Ўзбекистонда қиш – саёҳат, илҳом ва кашфиётлар вақти” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, замонавий Ўзбекистон – меҳмондўст ва оқкўнгил инсонлар, бой тарих ва маданият, бетакрор меъморчилик ҳамда қадимий анъаналар мамлакатидир. Бу ерда ҳар бир меҳмон ўзини хавфсиз ҳис қилиши мумкин. Мамлакатда туристик полиция фаолият юритади, санитария меъёрларига қатъий риоя қилинади, хавфсизлик даражаси бўйича Ўзбекистон дунёнинг энг тинч ва меҳмондўст йўналишлари қаторига киради.
“Қишда мамлакатнинг янги қирраларини кашф этиш мумкин – қор билан қопланган тоғлар, шаҳарларнинг порлоқ чироқлари ва шарқона меҳмондўстлик шинамлиги ўзига хос муҳит яратади. Ўзбекистон қишки ҳордиқнинг ҳақиқий марказига айланиб, бу ерда ҳам фаол кўнгилочар машғулотлардан, ҳам табиат қўйнидаги осойишта вақтдан баҳраманд бўлиш мумкин. Мамлакат профессионал спортчилар ва тажрибали чанғичилардан тортиб, илк бор чанғига тушмоқчи бўлган ёки шунчаки тоғ манзараларидан илҳом излаётганларгача – барчани қабул қилишга тайёр”, деб ёзилган мақолада.
Пойтахтдан атиги олтмиш беш километр узоқликда, Майгашкан тоғининг шимолий ёнбағирларида жойлашган Ўзбекистон қишки туризм соҳасидаги энг йирик лойиҳалардан бири – замонавий Амирсой тоғ-чанғи курортига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.
Жиззах вилояти тоғлари орасида жойлашган хушманзара гўша – Зомин Ўзбекистондаги қишки ҳордиқнинг яна бир марказига айланди. Мақолада айтилишича, улуғвор тоғ ландшафтлари, тоза ҳаво ва атрофни қамраб олган сукунатнинг уйғунлиги туфайли бу ерни “Ўзбек Швейцарияси” деб аташади.
Материалда таъкидланишича, қишки ҳордиқ имкониятлари пойтахтда ҳам мавжуд. Тошкентда замонавий муз объектлари – “Хумо Арена” муз саройи, “Ice City” спорт-кўнгилочар мажмуаси ва “Ice Avenue” муз майдони очилган. Ушбу майдончалар хоккей, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек ва қишки спортнинг бошқа турлари билан шуғулланиш имконини беради.
“Қишки Ўзбекистон – шарқона ҳарорат ва қорли жозибанинг ажойиб уйғунлигидир. Бу ерда тоғларда фаол ҳордиқ чиқариш, санаторийларда куч тўплаш, қадимий афсоналарни кашф этиш ва байрам муҳитидан завқланиш мумкин. Бундай сафар шунчаки саёҳат эмас, балки қайта-қайта такрорлашни истайдиган ҳақиқий қишки саргузаштга айланади”, дея хулоса қилинган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси