Бельгияда Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги нишонланди
Февраль 09, 2026. 15:43 • 2 дақ
• 117
БРЮССЕЛЬ, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари Бельгия пойтахтида буюк бобокалонимиз, миллатимизнинг фахру ифтихори бўлган аллома, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг 585 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири..
Мазкур тадбирда дипломатик корпус, Бенилюкс мамлакатлари академик ва адабий доиралари, маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда ушбу мамлакатларда яшовчи ватандошларимиз қатнашди.
Тадбир доирасида меҳмонларга Алишер Навоийнинг Марказий Осиё ва туркий давлатлар ҳамда Европа мамлакатлари ўртасида маданий, миллатлараро алоқаларни мустаҳкамлашдаги роли, жаҳон адабиётига қўшган буюк ҳиссаси ҳақида алоҳида сўз юритилди.
“Travel tomorrow” нашри бош муҳаррири Антонио Бускардини ҳамда туркий тиллар, туркий мамлакатлар адабиёти ва маданияти бўйича бельгиялик эксперт Пьер Бастен ўзбек халқини Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги билан табриклаб, Навоий асарларидаги ғоялар ва инсониятга керак бўлган ҳаётий сабоқлар ҳақида тўхталиб ўтди.
“Алишер Навоий нафақат буюк адабий шахс, балки Ўзбекистон тарихи, маданияти ва туризми учун маданий кўприкдир. Алишер Навоий номидаги Миллий боғ, Тошкент метросидаги бекат ва театр каби жойлар орқали унинг мероси маданият ва сайёҳлик объектларида акс этган. Алишер Навоий Ўзбекистон маданияти, тили ва туризмининг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғлаб турувчи энг қудратли рамзлардан бири бўлиб қолмоқда”, дея фикр билдирган Антонио Бускардини.
“Eureflect” нашри вакили, Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис Дерья Сойсал Алишер Навоий меросининг жаҳон маданияти ва адабиёти контекстидаги беқиёс аҳамияти ҳақида гапириб, қатор тарихий маълумотлар ва фактларни келтириб ўтди. Алишер Навоийнинг буюк мутафаккир, файласуф, шоир ва давлат арбоби сифатидаги ўрни, дунё адабиёти ва маданиятига кўрсатган чуқур таъсирига алоҳида эътибор қаратди.
Дипломатларимиз Ўзбекистон ҳукумати томонидан Алишер Навоий ижодий меросини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Навоийнинг ижодидан намуналар ўқиб эшиттирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
