Ўзбекистон ва Буюк Британия корхоналари тўқимачилик йўналишида ҳамкорлик йўлга қўяди
Февраль 14, 2026. 15:00 • 56 сония
• 83
ЛОНДОН, 14 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Буюк Британия мода ва тўқимачилик уюшмаси (UKFT) бош ижрочи директори Адам Мэнселл билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокара давомида Ўзбекистон текстиль ва тикув-трикотаж саноатини Британия таъминот занжирига интеграция қилиш ҳамда мамлакатимизни ишончли ва барқарор ҳамкор сифатида танитиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Томонлар тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини кенгайтириш ва Британия компаниялари билан кооперацияни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Мулоқотда Британия бозорига киришда халқаро кўргазмалар, соҳавий форумлар ва B2B платформаларининг ўрни алоҳида қайд этилди. Бундай тадбирлар Ўзбекистон маҳсулотларини Британияда кенг тарғиб қилиш ва янги шериклар топиш учун асосий майдон бўлиб хизмат қилиши билдирилди.
Учрашув якунида тўқимачилик ва мода саноатида қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда бизнес доиралар ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
UK Fashion & Textile Association (UKFT) – Британиядаги йирик соҳавий ташкилот бўлиб, 2500 нафардан ортиқ аъзоларни бирлаштиради. Ассоциация президенти – Қирол Чарльз IIIнинг синглиси, Малика Анна ҳисобланади. Ташкилот Британия мода ва тўқимачилик саноати манфаатларини ҳимоя қилади ҳамда компанияларга экспорт ва инновациялар борасида кўмак беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
