Покистон матбуоти: Ўзбекистон манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қиладиган дипломатлар даври келди
Январ 18, 2026. 09:00 • 4 дақ
• 124ИСЛОМОБОД, 18 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини кенг ёритмоқда, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, ушбу мамлакатнинг марказий “Associated Press of Pakistan” (APP) ахборот агентлиги, “Daily Islamabad Post” ва “Daily Ittehad” газеталари, “Daily Sub News”, “Sub News English”, “The Europe Today”, “Media Online Today”, “Margalla Tribune”, “Times Of Сentral Asia”, “Daily Independent”, “News Network Pakistan” ва бошқа етакчи электрон нашрларида мазкур йиғилишга бағишланган мақолалар эълон қилинди.
Покистон ОАВ ёзганидек, йиғилиш аввалида Ўзбекистон Президенти жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатлар суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир пайтда ўтаётганини қайд этди. Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
“Давлат раҳбари ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини билдирди. Маълум қилинишича, ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилган, янги тарихида илк бор қатор давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилган. “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди. Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди”, – дейилган материалларда.
Таъкидланганидек, 2017 йилдан буён хорижий давлатларда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди. Элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи оширилган.
Ўзбекистон етакчиси “Барча дипломатик ваколатхоналар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланяптими?”, деган масала ўртага қўйди. Иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади.
«Учрашувда икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланганига эътибор қаратилди. Тарихда илк бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт 33,5 миллиард долларга, хорижий инвестициялар эса 43 миллиард доллардан ошгани қайд этилди. Ўтган йили Ўзбекистоннинг 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайди», –дейилган манбаларда.
Материалларда ёзилганидек, янги экспорт йўналиши сифатида Африка қитъаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда тегишли вазирликлар ва элчилар иштирокида аниқ “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилди. Элчилар лойиҳа топиш, уни олиб келиб, ишга туширишдан манфаатдор бўлиши кераклиги қайд этилди. Аниқ инвестиция ёки экспорт лойиҳасини якунига етказган элчиларни моддий рағбатлантириш амалиёти жорий этилиши белгиланди.
“Навбатдаги устувор вазифа сифатида Ўзбекистон фуқароларини хорижда қонуний ва юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш белгиланди. Тартибли меҳнат миграциясининг географияси кенгайиб бораётгани, лекин айрим мамлакатларда бу йўналишда иш етарли даражада ташкил этилмаётгани кўрсатиб ўтилди ва элчиларга тегишли топшириқлар берилди. Элчихоналар ва консулликлар фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаол бўлиши, ҳар бир ҳолат бўйича малакали юридик ёрдам кўрсатиши шартлиги таъкидланди. “Кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, жойларда ишлаш, ватандошлар билан бевосита мулоқот қилиш вазифаси қўйилди”, – дея таъкидлаган Покистон ОАВ.
Нашрларда, шунингдек, туризм соҳасида элчиларнинг ролини янада кучайтириб, туризм ва маданият бўйича ишларга янги ёндашув жорий этиш, визасиз режимлардан самарали фойдаланиш, халқаро аутсорсинг компанияларни жалб этиш зарурлиги қайд этилгани ҳам урғуланган. Шунингдек, дипломатларнинг хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат” фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.
“Энди янгича руҳда ишлайдиган, аниқ натижаларга эришаётган, Ўзбекистон манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қиладиган дипломатлар даври келди”, – дея Ўзбекистон Президентининг йиғилиш якунида сўзлари иқтибос ўрнида келтирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси






