Ўзбекистон элчиси Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашди
Март 20, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 94
ДЕҲЛИ, 20 март. /«Дунё» АА/. Деҳлида Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Сиби Жорж билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, жумладан, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказиш, шунингдек, турли даражадаги бўлажак ташрифлар жадвалини муҳокама қилди.
Иқтисодий дипломатияга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилишини ташкил қилиш бўйича келишиб олинди.
Ҳиндистон кўп томонлама ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашини қайд этди. Хусусан, Ҳиндистоннинг мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига кўмаклашиши ҳамда Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасида ядровий хавфсизлик йўлида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш бўйича ташаббусини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида, шунингдек, Ўзбекистоннинг 2026 йилда «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти доирасида Рақамли технологиялар форумини ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди. Бундан ташқари, Ҳиндистон парламентининг қуйи палатасидаги Ўзбекистон билан дўстлик гуруҳи аъзолари билан учрашув ташкил этиш, шунингдек, икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш жараёнини бошлаш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси