Logo

Дунё бўйлаб ифторликлар: Рамазон ойида хориждаги ватандошлар алоҳида қўллаб қувватланди

Март 19, 2026. 20:03 • 4 дақ

50
Дунё бўйлаб ифторликлар: Рамазон ойида хориждаги ватандошлар алоҳида қўллаб қувватланди

ТОШКЕНТ, 19 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг хориждаги элчихона ва консуллик идоралари томонидан чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун муқаддас Рамазон ойи муносабати билан кўплаб саховат тадбирлари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан “Меҳр-шафқат, бағрикенглик ва саховат ойи” доирасида ўтказилган маънавий-маърифий учрашувлар ва ифторликлар ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларга миллий-диний қадриятларни етказиш мақсадида ташкил этилди.

Мамлакатимиз фуқаролари дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларига давлат сиёсати даражасида қаралади. Дунё бўйлаб ўтказилган ифторликларда ҳам юртдошлармизга доимо ватан кўмаги ва қармоғида экани таъкидланди. Америка, Европа, Осиё, умуман, жаҳоннинг қайси минтақаси бўлмасин, ватандошлар учун ифторлик тадбирлари юксак савияда ташкил этилди.

Шу ўринда муқаддас Рамазон ойининг сўнгги кунларида ўтказилган ифторликларга қисқача тўхталиб ўтсак: 

Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган “Kolyon Holding” қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган 150 нафардан ортиқ ватандошлар учун Рамазон ойи муносабати ифторлик дастурхони ёзилди. Бу ҳамюртларимиз айни пайтда дунёдаги энг катта аэропортлардан бири бўлган Истанбул халқаро аэропортида ишламоқда.

Муборак Рамазон ойи муносабати билан Мисрдаги Ўзбекистон элчихонаси муҳтож юртдошларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия акцияси ташкил этди.

Тадбир доирасида кам таъминланган оилалар ва талабалар учун махсус Рамазон озиқ-овқат қутилари тайёрланди. Ушбу акция Ўзбекистон Ҳукумати ташаббуси билан ўтказилиб, муборак ойда меҳр-шафқат ва ўзаро ёрдам тамойилларини намоён этишга қаратилди. Акция доирасида ифторлик ва саҳарлик учун зарур бўлган асосий маҳсулотларни ўз ичига олган жами 200 та Рамазон қутиси тарқатилди.

Шанхайдан 300 км узоқликда жойлашган Иу шаҳрида истиқомат қилиб келаётган ватандошларимиз учун ифторликда мазкур шаҳар ва унга яқин ҳудудларда меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётган 30 нафардан ортиқ ватандош қатнашди.

Айтиш лозимки, Россияда кўплаб ватандошларимиз меҳнат қилади. Шу боис, юртдошларни рус заминидаги ҳамюртларни қўллаб-қувватлаш, уларга миллий-диний қадриятларни етказиш мақсадида кўплаб ҳудудларда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, ифторлик дастурхонлари ёзилди. Ташкил этилган ифторликларда имкон қадар кўпроқ юртдошларни жалб этишга ҳаракат қилинди.

Хабаровск шаҳридаги “Роҳат” ресторанида бўлиб ўтган ифторликда ушбу ўлкада меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган 250 нафардан ортиқ ҳамюртларимиз қатнашди.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхона кўмагида Уфа шаҳридаги 120 нафардан ортиқ ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди. Ушбу хайрли тадбир “Евроосиё” ўзбек миллий-маданий маркази ҳамкорлигида ўтказилди.

Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхона дипломатлари томонидан Краснодардаги ўзбек чойхонасида ўтказилган ифторликда эса 50 нафардан ортиқ юртдошимиз бир дастурхон атрофида бирлашди.

Учрашувда ватандошларимиз Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, ёшларни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш каби масалаларда фикр алмашди.

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консулхонаси меҳр-шафқат, бағрикенглик ва саховат ойи доирасида Россиянинг ушбу минтақасида оғир моддий аҳволга тушиб қолган, кам таъминланган ва муҳтож ватандошларга кўмаклашишга қаратилган хайрия акциясини ўтказди. Хайрия тадбири доирасида тўрт нафар ватандошимизга товуқ, ун, гуруч, макарон, кунгабоқар ёғи, шакар, тухум, болалар учун ширинликлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Екатеринбург шаҳридаги бош консулхона ташаббуси ҳамда ҳомий ватандошлар кўмагида ушбу ҳудудда қурилиш соҳасида фаолият юритувчи “Жилстрой” МЧЖда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган юз нафардан ортиқ ҳамюртларимиз учун ифторлик дастурхони ёзилди.

Ушбу саховат тадбирида Тошкент шаҳридаги “Баланд” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамжон Эргашев маъруза қилиб, муборак Рамазон ойида қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амаллар ҳақида сўз юритди, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти борасида тўхталиб ўтди.

Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхона томонидан “Балтийский берег” корхонасида ўтказилган ифторлик ҳам юксак савияда ташкил этилди. Ушбу хайрли тадбирда мазкур корхонада ишлаётган 120 нафардан ортиқ ҳамюртимиз иштирок этди.

Учрашувда қатнашган Наманган вилоятидаги “Обид қори хожи” масжиди имом-хатиби Илёсхон Собитов ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган Рамазон ойи фазилатлари ҳақида фикр юритди.

Россия Федерациясининг Узоқ Шарқ федерал округига кирувчи Хабаровск, Спасск-Дальний ва Владивосток шаҳарларида ҳам ифторлик дастурхонлари ташкил этилди.

Владивосток шаҳридаги бош консулхона ташаббуси билан  ҳудуддаги тадбиркор ва фаол ватандошлар ҳомийлигида бўлиб ўтган ифторлик дастурхонига жами 180 нафардан ортиқ ватандошимиз таклиф этилди.

Москва, Санкт-Петербург, Тобольск, Нижний Новогород каби кўплаб юртдошлармиз ишлайдиган корхоналарда ҳам ифторлик тадбирлари ташкил этилиб, ватандошларимиз бир дастурхон атрофида жам бўлишди.

Ифторликларда иштирок этган ҳамюртлар бу каби тадбирлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойилининг хориждаги амалий ифодаси бўлаётгани, ҳар бир ватандош ўз ортида давлатнинг юксак эътибори ва қўллаб-қувватлови борлигини ҳис қилишини алоҳида таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш