Logo

“Türkiye” газетаси: Соҳибқирон Амир Темур шон-шуҳратининг сири “Куч – адолатда” тамойилига амал қилганидадир

Май 02, 2026. 10:37 • 2 дақ

268
“Türkiye” газетаси: Соҳибқирон Амир Темур шон-шуҳратининг сири “Куч – адолатда” тамойилига амал қилганидадир

АНҚАРА, 3 май. /“Дунё” АА/. Туркиянинг етакчи нашрларидан бири ­– “Türkiye” газетасида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ҳаёти ҳамда унинг бой тарихий меросига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, Анқара ижтимоий фанлар университети (ASBÜ)да бўлиб ўтган учрашувда Амир Темурнинг сиёсий ва ижтимоий фаолияти, у асос солган марказлашган давлат бошқаруви тизими, туркий дунёни бирлаштиришдаги роли ҳамда Темурийлар Ренессансининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган.

Мақола муаллифи Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, ASBÜ ва ТУРКСОЙ ҳамкорлигида ташкил этилган панель мулоқотини шунчаки хотира тадбири эмас, балки туркий макон келажагини белгиловчи муҳим воқеа сифатида таърифлаган. Мақолада “Соҳибқирон” тарихий унвони нафақат ҳарбий мартаба, балки ер юзида адолат ўрнатган олий ҳукмдор тимсолини англатиши қайд этилган.

Газетада Амир Темур даштнинг қатъий интизомини Самарқанд эстетикаси ва ўша давр илм-фан ютуқлари билан уйғунлаштирган “Темурийлар Ренессанси” меъмори сифатида таърифланган. Соҳибқироннинг дунё миқёсида тан олиниши сири унинг “Куч — адолатда” деган фундаментал тамойилида экани, чунки фақат адолатга таянган ҳокимиятгина буюк цивилизация яратишга қодирлиги таъкидланган.

Туркия Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари, профессор Куршад Зорлу Соҳибқирон меросини замонавий геосиёсат билан боғлаган. У Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ривожланишининг янги босқичини юқори баҳолаб, сўнгги саккиз йил ичида Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари мисли кўрилмаган даражада муваффақиятга эришганини қайд этди.

Конференция давомида олимлар Амир Темур шахси кейинги даврлар етакчиларини қандай руҳлантирганига ҳам эътибор қаратди. Хусусан, Мустафо Камол Отатурк ўз ғалабаларига эришиш йўлида Темурнинг ҳарбий маҳорати ва дипломатиясини ўрганиш орқали маънавий куч олгани ҳақида маълумотлар келтирилди.

Мақола якунида буюк саркарда Амир Темур меросининг бундай юқори савияда муҳокама қилиниши Туркий давлатлар ташкилотининг истиқболлари ва ягона қарашларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш