“The Korea Herald”: Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги янги стратегик босқичга чиқмоқда
Июнь 17, 2026. 18:00 • 3 дақ
• 61
СЕУЛ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “The Korea Herald” газетасида V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форуми якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик анъанавий савдо ва ишлаб чиқариш доирасидан чиқиб, стратегик минераллар, транспорт йўлаклари, рақамли технологиялар ҳамда “ақлли шаҳарлар” каби глобал аҳамиятга молик йўналишларни қамраб олаётгани таҳлил қилинган.
Нашр ёзишича, глобал таъминот занжирлари қайта шаклланаётган бугунги геосиёсий шароитда Жанубий Корея учун хомашё хавфсизлиги ва барқарор ишлаб чиқариш базаларини диверсификация қилиш ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, қарийб 38 миллионлик бозор, ёш ва билимли ишчи кучи ҳамда изчил ислоҳотлар муҳитига эга Ўзбекистон Марказий Осиёда Жанубий Кореянинг энг ишончли стратегик шериги сифатида намоён бўлмоқда.
Жанубий Корея Президенти форум иштирокчиларига йўллаган мактубида ресурс хавфсизлиги мамлакатларнинг келажакдаги рақобатбардошлиги ва тараққиёти билан узвий боғлиқлигини қайд этган. Бу Сеулнинг Марказий Осиёга нафақат узоқ истиқболли бозор, балки иқтисодий хавфсизликнинг муҳим устуни сифатида қараётганини кўрсатади.
Мақолада Ўзбекистон расмийларининг икки томонлама лойиҳалар бўйича тақдим этган таклифларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Урал Юсупов кореялик инвесторларни мамлакатимизнинг вольфрам, молибден ва графит саноатига фаол жалб этиш ташаббусини илгари сурган. Бунда Тошкент хомашёни шунчаки экспорт қилиш эмас, балки электромобиллар ва аккумуляторлар учун зарур бўлган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кластерларини биргаликда яратишни мақсад қилган.
Инфратузилма соҳасида Транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдуғафаров томонидан тақдим этилган Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш, “Янги Тошкент” халқаро аэропортини барпо этиш ва тезюрар темир йўл тармоқларини кенгайтириш лойиҳалари Жанубий Корея ишбилармон доираларида катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, 2 миллион аҳолига мўлжалланган “Янги Тошкент” “ақлли шаҳар” лойиҳаси Ўзбекистоннинг рақамли бошқарув ва замонавий урбанизация соҳасидаги юксак интилишлари рамзи сифатида эътироф этилган.
Муаллиф хулосасига кўра, кўп йиллик ўзаро ишонч ва Алоҳида стратегик шериклик мақомига асосланган Корея – Ўзбекистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Жорий йил якунига қадар Сеулда ўтказилиши режалаштирилган “Корея – Марказий Осиё” саммити эса ушбу тижорий қизиқишларни узоқ муддатли йирик стратегик лойиҳаларга айлантириш учун муҳим сиёсий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси