Буюк Британия билан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик янада кенгайтирилади
Февраль 25, 2026. 10:38 • 2 дақ
• 66
ЛОНДОН, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Британия Бизнес ва савдо вазирлигининг Соғлиқни сақлаш бўйича ҳамкорлик бошқармаси (Healthcare UK) вакиллари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида Бирлашган Қиролликнинг паллиатив ёрдам ва хоспис хизматлари кўрсатиш борасидаги бой тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш, соҳадаги етакчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, “St Christopher’s Hospice”, “Julia’s House”, “Maria Curie” каби нуфузли муассасалар билан тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Мулоқот чоғида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутасаддилари мамлакатимизда паллиатив ёрдам тизимини босқичма-босқич ривожлантириш стратегиясига тўхталди. Бунда асосий эътибор уй шароитида сифатли хизмат кўрсатиш, беморларнинг оила аъзолари ва парваришловчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда болалар паллиатив ёрдамини халқаро стандартлар асосида ташкил этишга қаратилди.
“Healthcare UK” вакиллари Британиянинг ихтисослаштирилган компаниялари ва етакчи университетлари ушбу устувор йўналишларда Ўзбекистонга услубий ва амалий кўмак беришга тайёр эканини маълум қилди. Мазкур бошқарма Британия соғлиқни сақлаш тизимидаги илғор технологиялар ва хизматларни хорижга экспорт қилишда асосий кўмакчи тузилма ҳисобланади.
Бу каби халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, кўмакка муҳтож ва оғир хасталикка чалинган фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
