Logo

Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича улкан мақсадни белгилаб олган

Февраль 25, 2026. 10:17 • 3 дақ

51
Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича улкан мақсадни белгилаб олган
Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича улкан мақсадни белгилаб олган

ИСЛОМОБОД, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий «Associated Press of Pakistan» ахборот агентлиги, «The Nation», «Daily Ittehat» ва «Daily Financial Times» газеталари Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий шерикликка бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

«Покистон ва Ўзбекистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича улкан мақсад белгилаб, иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий интеграцияни жадаллаштиришга қаратилган 28 та битимни имзолади. Бу икки давлат ўртасидаги муносабатларда муҳим босқични белгилади», – дейилган мақолаларда.

Маълум қилинганидек, жорий йил 5-6 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тарихий давлат ташрифи билан Исломободда бўлди. Ташриф доирасида Покистон Президенти ва Бош вазири билан самарали музокаралар ўтказилди.

Икки давлат раҳбари стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга содиқликларини тасдиқловчи қўшма декларацияни имзоладилар. «Ташрифнинг энг муҳим натижаларидан бири — келгуси беш йил давомида йиллик савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича келишув бўлди. Имзоланган битим ва англашув меморандумлари ташқи ишлар, имтиёзли савдо, мудофаа, иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, ахборот технологиялари, фан, таълим, маданият, денгиз ҳамкорлиги, фармацевтика, тўқимачилик, кончилик, геофанлар, кичик ва ўрта бизнес спорт ҳамда гиёҳвандликка қарши курашиш каби кенг қамровли соҳаларни ўз ичига олади», – дея таъкидланган материалларда.

Нашрда, шунингдек, ўзаро савдони енгиллаштириш мақсадида томонлар Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш бўйича протоколни имзоладилар. Унга ҳар икки мамлакатдан 40 дан ортиқ янги маҳсулот турлари киритилди.

Бундан ташқари, ишбилармонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ва хусусий сектор ҳамкорлигини рағбатлантириш мақсадида Покистон–Ўзбекистон ҳудудлараро форуми таъсис этилди.

Яна бир муҳим келишув – бу томонлар ўртасида имзоланган денгиз ҳамкорлиги бўйича англашув меморандумидир. Унга кўра, Карачи, Гвадар ва «Порт Қасим» портларида имтиёзли шароитлар яратилиб, денгиз йўлларига янада қулай чиқиш имконияти таъминланади.

Покистон ОАВга кўра, энергетика ва атроф-муҳит масалалари ҳам музокараларда марказий ўрин тутди. Икки мамлакат экология, иқлим ўзгаришига мослашиш ва табиий офатлар хавфини камайтириш йўналишларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Бу уларнинг барқарор тараққиётга бўлган умумий интилишини намоён этади.

«Минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш масаласи, хусусан, таклиф этилаётган Транс-Афғон темир йўл йўлаги лойиҳаси алоҳида эътибор марказида бўлди. Ушбу лойиҳа амалга оширилса, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги юк ташиш муддати 35 кундан 3–5 кунгача қисқаради, логистика харажатлари 40 фоизгача камаяди. Дастлабки босқичда йиллик 3 миллион тонна юк ташиш режалаштирилган бўлиб, кейинчалик бу кўрсаткични 15–20 миллион тоннагача ошириш имконияти мавжуд», – деб урғуланган манбаларда.

Икки давлат раҳбарлари ҳамраислигида ўтказилган бизнес-форум доирасида умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар портфели тақдим этилди. Шу билан бирга, хусусий сектор ҳамкорлигини институционаллаштириш мақсадида Ўзбекистон–Покистон Бизнес кенгаши ташкил этилди.

Мақолалар якунида ёзилганидек, «Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги саноат ҳамкорлиги рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги алмашинувларни қамраб олган ҳолда кенгаяпти. Айни пайтда тўқимачилик ва фармацевтика каби анъанавий тармоқлардаги ҳамкорлик ҳам изчил равишда ривожланмоқда».

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш