Logo

Миср ОАВ: Расмий Тошкент ва Қоҳира ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Яқин Шарқда барқарорлик ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

Февраль 25, 2026. 09:16 • 2 дақ

82
Миср ОАВ: Расмий Тошкент ва Қоҳира ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Яқин Шарқда барқарорлик ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

ҚОҲИРА, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Халқаро ислом академияси ректори, ISESCO Ижроия кенгаши аъзоси Музаффар Комилов Миср оммавий ахборот воситаларига – “аль-Йаум ас-Сабиъ”, “Ал-Дипломаси” ва “Аль-Хабар аль-Йаум” ахборот агентликларига берган интервьюсида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг тарихий илдизлари ва бугунги жадал ривожланиш суръатлари ҳақида тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

– Миср инсоният цивилизациясининг энг қадимий марказларидан бири сифатида бугунги кунда ҳам ислом олами ва Африка қитъасида юксак нуфузга эга. Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дўстлик ришталари кўп асрлик тарихга эга бўлиб, Мовароуннаҳр ва Миср заминида яшаб ижод қилган буюк алломаларнинг илмий мероси бунинг яққол далилидир.

Хусусан, буюк олим Аҳмад ал-Фарғоний томонидан Қоҳирада бунёд этилган “Ниломер” иншооти икки халқ ўртасидаги абадий дўстлик рамзи бўлиб қолмоқда. Миср Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб (1991 йил 26 декабрь) тан олган араб давлатларидан биридир. 1992 йилда ўрнатилган дипломатик алоқалар бугунги кунда ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик асосида янги босқичга чиқди.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисининг сиёсий иродаси туфайли муносабатлар “ҳар томонлама стратегик шериклик” даражасига кўтарилди. 2018 ва 2023 йиллардаги олий даражадаги ташрифлар иқтисодий, хавфсизлик ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг пойдеворини мустаҳкамлади. “Янги Ўзбекистон” стратегияси ва “Миср қараши – 2030” дастурлари ўртасидаги уйғунлик иқтисодий кўрсаткичларда ҳам акс этмоқда.

2018 йилдан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб тўққиз бараварга ошиб, 2024 йил якунларига кўра 54,8 миллион долларни ташкил этди. Ҳозирда Ўзбекистонда Миср сармояси иштирокидаги 29 та қўшма корхона фаолият юритмоқда, мисрлик инвесторлар эса фармацевтика, энергетика ва тўқимачилик соҳаларига 1,2 миллиард доллар миқдорида сармоя киритишга тайёр эканликларини билдиришган.

Маданий-маърифий соҳада ҳам алоқалар мисли кўрилмаган даражада фаоллашди. Мисрдан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони зиёрат туризми йўналишида сезиларли ортган бўлса, мисрлик тадқиқотчилар учун Имом Бухорий мажмуаси ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилмоқда. 2024 йилда “Ал-Азҳар” университети делегациясининг ташрифи ва араб тилини ўқитиш марказини ташкил этиш бўйича ташаббуслар таълим соҳасидаги муваффақиятли қадамлардан бўлди.

Бугунги кунда икки мамлакат олийгоҳлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида 170 дан ортиқ талаба ва тадқиқотчилар ўзаро алмашинув дастурларида иштирок этмоқда. Қоҳира ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилгани эса нафақат туризм, балки транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ва Буюк Ипак йўлининг тарихий мавқеини тиклашга хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш