Logo

Чехияда Ўзбекистон талабалари ассоциацияси ташкил этилди

Декабрь 23, 2025. 15:51 • 2 дақ

44
Чехияда Ўзбекистон талабалари ассоциацияси ташкил этилди
Чехияда Ўзбекистон талабалари ассоциацияси ташкил этилди

ПРАГА, 23 декабрь. /“Дунё” АА/. Жорий йил 18 декабрь куни Прага шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган тадбирда Чехиядаги Ўзбекистон талабалари ассоциацияси ташкил этилгани расман эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Чехиядаги Ўзбекистонлик талабалар ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ватандошларни қўллаб-қувватлайди. Ассоциация ватандошларнинг олий таълим ва ижтимоий муҳитга мослашувини рағбатлантириш, маданий ва маърифий ташаббусларини ривожлантириш, Ўзбекистон ва Чехия халқлари ўртасидаги дўстона ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда Чехияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар қатнашди. Ташкилий ва ҳомийлик қўллаб-қувватлови – “Start Study” таълим компанияси, “TNB” таржималар ва ҳужжатларни нострификация қилиш бюроси, “Czech point” виза-консультация маркази, “DON’s” компанияси, Прага метрополитен университети, Чехия табиий фанлар университети, Карлов университети ҳамда Кимё ва технология олий мактаби томонидан таъминланди.

Учрашув давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланди. Шундан сўнг, элчихона вакиллари меҳмонларни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги билан табриклаб, Чехияда Ўзбекистон талабалари ассоциацияси ташкил этилганини эълон қилди. Дипломатлар ассоциациянинг мақсад ва вазифалари ҳамда келгусидаги фаолиятининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Тадбирда фаол иштирок этган талабаларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш