Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Индонезияда қатор ҳамкорлик келишувларига эришди
Июль 07, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 77ЖАКАРТА, 7 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси (ЎХИА) делегациясининг Индонезияга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида ЎХИА вакиллари икки мамлакат ўртасида таълим, илм-фан ҳамда экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бағишланган қатор учрашувларда иштирок этди.
Хусусан, Индонезия Терроризмга қарши курашиш миллий агентлиги (BNPT)да бўлиб ўтган музокараларда экстремизмга қарши курашда комплекс ёндашувнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Агентликнинг халқаро алоқалар департаменти директори, Индонезия Миллий полицияси генерали Дҳани Ҳернандо билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тажриба алмашиш амалиётини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда ЎХИА томонидан юртимизнинг экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш соҳасида тўплаган тажрибаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Томонлар ўзаро тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ва ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувга эришди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Индонезиядаги Саҳид университети проректори Ани Сиска билан ҳам мулоқот қилди. Суҳбат чоғида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, онлайн маърузалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар ва академик мобилликни ривожлантириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) вакиллари билан ўтказилган мулоқотда ёшларни радикал ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, стратегик коммуникациялар, муқобил маърифий нарративларни ишлаб чиқиш ҳамда аналитик тадқиқотларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. CSIS вице-президенти Медилина Ҳендитио ЎХИА олимлари ва тадқиқотчилари учун халқаро илмий дастурлар, стажировкалар ва грант лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини таклиф қилди.
Ташриф доирасида ЎХИА ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази томонидан Индонезиянинг экстремизмга қарши курашиш тажрибаси, соҳа мутахассислари билан интервьюлар ва махсус репортажлар тайёрланди. Ушбу материаллар асосида ҳужжатли фильм яратиш режалаштирилгани ҳам мазкур ташрифнинг амалий натижаларидан бири бўлди.
Индонезияга амалга оширилган мазкур ташриф Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида таълим, илм-фан, хавфсизлик ҳамда экстремизмнинг олдини олиш соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


