“UN Journal”: Янги Ўзбекистоннинг очиқлик ва прагматизм сиёсати Марказий Осиёда янги даврни бошламоқда
Август 22, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 54
СЕУЛ, 22 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “UN Journal” нашрида мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, 1991 йилдан сўнг Марказий Осиёда юзага келган мураккаб чегара масалалари, хусусан, Фарғона водийсидаги зиддиятли вазият кўплаб кишилар оиласига аччиқ тақдирларни олиб кирган. Чегаралар шунчаки географик чизиқ эмас, балки инсонлар ҳаёти ва тақдирига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим омил сифатида қаралган.
Мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси бош устувор йўналиш сифатида белгилангани, чегаралардаги назорат-ўтказиш масканларида қоида ва талаблар соддалаштирилгани, транспорт ва савдо қатнови сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилган.
2025 йил март ойида Хўжанд шаҳрида Президентлар Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров томонидан уч давлат чегаралари туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши минтақавий дипломатияда мутлақо янги даврни бошлаб берди.
Муаллиф минтақадаги прагматик сиёсат ва ўзаро ишончнинг амалий натижаларини аниқ рақамлар билан асослаб берган. Хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро савдо айланмаси 2016 йилда 2,5 миллиард доллар бўлган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 8 миллиард доллардан ошган.
Материалда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган очиқлик, яхши қўшничилик ва прагматизм тамойилларига асосланган ташқи сиёсат Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва умумий тараққиётга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси