Ўшда ўзбекистонлик талабалар билан очиқ мулоқот ташкил этилди
Февраль 27, 2026. 08:10 • 48 сония
• 99ЎШ, 27 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси дипломатлари жорий йилнинг 25-26 февраль кунлари Ўш давлат технология университети ҳамда Қирғиз-Ўзбек халқаро университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотлар давомида дипломатлар талабаларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, консуллик рўйхатига туриш тартиби ҳамда хорижда олинган дипломларни Ўзбекистонда тан олиш (нострификация) тартиб-қоидалари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, ёшлар мамлакатимизда қабул қилинаётган янги қарор ва фармонлар, давлат ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳияти ҳамда талабалар учун яратилаётган имкониятлар билан таништирилди.
Мулоқотнинг муҳим қисми ёшларни турли ёт ғоялар, диний экстремизм ва терроризм таъсиридан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланди. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ва “Call-марказ”лар фаолияти ҳақида маълумот берилиб, ёшлар фақат расмий ва илмий асосланган манбалардан фойдаланишга чақирилди.
Тадбирлар якунида йил давомида ўзбекистонлик талабалар иштирокида миллий байрамлар, спорт мусобақалари ва маърифий давра суҳбатларини мунтазам ташкил этиш бўйича олийгоҳлар раҳбарияти билан келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



