Logo

Венгрия университети ўзбекистонлик мутахассисларни замонавий клиник тадқиқот усуллари ва илғор амалиётларни ўзлаштириш бўйича халқаро дастурда иштирок этишга таклиф этади

Февраль 27, 2026. 09:24 • 3 дақ

61
Венгрия университети ўзбекистонлик мутахассисларни замонавий клиник тадқиқот усуллари ва илғор амалиётларни ўзлаштириш бўйича халқаро дастурда иштирок этишга таклиф этади

БУДАПЕШТ, 27 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Венгриянинг Semmelweis университети ректори, профессор Бела Меркели билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида ректор АҚШнинг Гарвард тиббиёт мактаби томонидан Semmelweis университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган клиник тадқиқотлар соҳасида мутахассислар тайёрлаш (Clinical Science Scholars Program) дастурида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этиши мумкинлигини маълум қилди.

Ушбу дастур 2023 йилда ишга туширилган бўлиб, замонавий клиник тадқиқот усуллари ва илғор халқаро тажрибаларни чуқур ўзлаштиришга қаратилган. Курс якунида иштирокчилар клиник синовларни ишлаб чиқиш ва ўтказиш, илмий маълумотларни таҳлил қилиш, грант аризаларини тайёрлаш, тадқиқот тиббий гуруҳларини бошқариш тамойиллари ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлади.

Дастурни амалга оширишнинг дастлабки уч йилида (2023–2025 йй) асосан Венгрия ва Марказий Европа мамлакатлари тиббиёт университетларидан 220 га яқин тингловчи иштирок этди.

Дастурнинг янги тизими тўққиз ойга мўлжалланган. 2026–2027 ўқув йили қабули учун кундузги ва масофавий машғулотлар қуйидагича режалаштирилган: шу йилнинг 27–30 июль кунлари Будапешт шаҳрида, 1–4 декабрь кунлари онлайн шаклда ҳамда 2027 йил 16–19 март кунлари Гарвард тиббиёт мактабида (АҚШ).

Тренинг доирасида иштирокчилар ўзларининг тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқади: 10 та энг яхши иш вебинарда тақдим этилади ва 3 нафар финалчи Бостондаги якуний семинарда ўз лойиҳаларини ҳимоя қилади.

Ўқув жараёни гибрид форматда ташкил этилган бўлиб, жамоавий ишлаш, мунтазам вебинарлар ва 85 дан ортиқ ёзиб олинган маърузаларни ўз ичига олган кенг қамровли видеомаъруза курсини ўз ичига олади.

Дастурнинг марказий элементлари 3 та интенсив ўқув модули бўлиб, курс тузилмаси 5 та асосий фан атрофида қурилган: эпидемиология, тадқиқот этикаси, биостатистика, клиник синовлар, шунингдек, етакчилик ва жамоавий ўзаро таъсир кўникмалари.

2026/2027 ўқув йили учун Semmelweis университетининг ҳамкор муассасалари учун 70 та стипендия ўринлари кўзда тутилган. Ўзбекистонлик 2 нафар иштирокчи учун ўқиш қийматининг 50 фоизи миқдорида стипендия кўзда тутилган. Қўшимча равишда 20 нафаргача номзод ўз ҳисобидан харажатларни тўлиқ қоплаш асосида дастурга қўшилиши мумкин бўлади. Дастурда Ўзбекистондан ташқари, Semmelweisнинг Осиё, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларидаги ҳамкор олий ўқув юртлари ҳам иштирок этишга таклиф этилади.

Ёш клиницистлар, аспирантлар, постдокторантлар ва ординаторлар ариза топширишлари мумкин. Рўйхатдан ўтиш Гарвард тиббиёт мактаби веб-сайтида ва scholarship@semmelweis.hu электрон почтаси орқали амалга оширилади. Ҳужжатларни топширишнинг охирги муддати – 2026 йил 20 май. Қўшимча маълумот Semmelweis университети веб-сайти – semmelweis.huда мавжуд.

Ректор Semmelweis университети билан ҳамкорлик алоқаларига эга бўлган Ўзбекистон олий ўқув юртларини дастурга таклиф қилишдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш