Мисрнинг компанияси Сурхондарёда қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда
Август 22, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 82
ҚОҲИРА, 22 август. /“Дунё” АА/. Мисрнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлашга ихтисослашган “Daltex” компанияси вакиллари ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари иштирокида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида “Daltex” менежерлари Муҳаммад Мустафо ва Ториқ Навара қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мутасаддилари ва “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси раҳбарияти Шеробод туманида жойлашган 940 гектар майдондаги “Сурхон-Агро” ЭИЗда инфратузилма ва агросаноат лойиҳаларини намойиш қилди. Шу билан бирга, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Вакилларимиз Сурхондарё иқлими, картошка ва узум етиштириш бўйича имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. “Сурхон-Агро” ЭИЗдан ташқари, вилоятнинг бошқа 14 та туманида ҳам экин экиш учун мос майдонлар хусусида сўз юритилди.
Мисрлик мутахассислар Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюргани, маҳаллий иқлим шароити, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги имконият ва шарт-шароитлардан хабардорлигини маълум қилди.
Сурхондарё вилоятининг қишги совуқ иқлим шароитида цитрус меваларни очиқ майдонда ёки иссиқхоналарда етиштириш катта харажатларни талаб қилишини инобатга олиб, ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида картошка ва маҳаллий бозорда талаби юқори бўлган бошқа маҳсулотларни етиштириш имкониятига эътибор қаратилди.
Қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида тўхталиб, бу каби лойиҳаларнинг муваффақиятли бўлиши учун вилоятдаги хусусий сектор вакиллари, компаниялар ва тадбиркорлар билан B2B форматидаги ҳамкорликни олиб бориш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар Сурхондарё вилоятида Миср тажрибаси асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлаш, “Сурхон-Агро” ЭИЗда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, етиштирилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилишни йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси