АҚШ БМТга 725 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда
Август 22, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 42
ВАШИНГТОН, 22 август. /“Дунё” АА/. АҚШ БМТнинг мунтазам бюджетига 725 миллион доллар тўлашни режалаштирмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
АҚШ Давлат департаментининг таъкидлашича, маблағ ажратилиши БМТда ислоҳотларни давом эттириш ва ташкилот харажатларини қисқартириш бўйича чораларнинг амалга оширилишига боғлиқ бўлади.
БМТ маълумотларига кўра, май ойида АҚШнинг ташкилот олдидаги қарзи 4 миллиард доллардан ошган. Шундан 2,04 миллиард доллар БМТнинг мунтазам бюджети, 2,2 миллиард доллар эса тинчликпарварлик операциялари учун тўланиши лозим бўлган маблағларни ташкил этмоқда. Қайд этиш лозимки, АҚШ ҳозирда БМТ тизимидаги энг йирик молиявий ҳиссадор ҳисобланади.
БМТнинг молиявий ҳолатидаги кескинлик фонида ташкилот 2026 йил учун тасдиқланган бюджетни 9,2 фоизга қисқартиришга мажбур бўлган. Харажатларни оптималлаштириш мақсадида Нью-Йорк ва Женева сингари яшаш ва ишлаш қиммат бўлган шаҳарлардаги 2 мингдан зиёд иш ўрнини нисбатан арзон марказларга кўчириш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШ томонидан режалаштирилаётган 725 миллион долларлик тўлов БМТнинг қисқа муддатли молиявий эҳтиёжларини қоплашга муайян даражада ёрдам бериши мумкин. Бироқ мазкур маблағ АҚШнинг ташкилот олдидаги қарзини тўлиқ қоплаш учун етарли эмас.
“Reuters” агентлиги сайтидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси