“Em Insight”: Ўзбекистонда космик соҳани ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилмоқда
Август 10, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 100
ЛОНДОН, 10 август. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистон Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов билан ўтказилган интервью эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Интервьюда таъкидланишича, замонавий космик дастур йўлга қўйилганидан буён ўтган бир неча йил ичида Ўзбекистон миллий космик соҳани ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор шакллантирди.
Сунъий йўлдош орқали мониторинг қилиш технологиялари қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, геология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, кадастр ва шаҳарсозликни режалаштириш соҳаларида кенг қўлланилиб, кечаётган жараёнлар ҳақида тезкор ва холис маълумотлар олишни таъминламоқда.
Нашрда янги авлод мутахассисларини тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Муҳиддин Ибрагимовнинг сўзларига кўра, “Ўзкосмос” таълимни космик соҳани ривожлантиришнинг учта стратегик устунидан бири сифатида кўради. Мамлакатда таълимнинг турли босқичларини қамраб олувчи дастурлар амалга оширилмоқда, халқаро академик шериклик кенгайтирилмоқда ва ўзбекистонлик талабаларнинг хорижда таҳсил олиши учун имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан, Япониянинг Кюсю университети билан ҳамкорлик натижасида етти нафар ўзбекистонлик талаба мамлакатдаги биринчи ўқув сунъий йўлдошини яратишда иштирок этди. Мактаб ўқувчилари учун эса фан, технология ва STEM-таълимни оммалаштиришга қаратилган “Ойга миссия” ва “Космик автобус” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Халқаро ҳамкорлик ва миллий компетенцияларни ривожлантириш яна бир муҳим йўналиш сифатида эътироф этилган. “Ўзкосмос” АҚШ, Франция, Германия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг космик агентликлари ҳамда соҳавий ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Интервьюда ёзилишича, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, сунъий йўлдош маълумотларини таҳлил қилиш ва уларни амалий қўллаш бўйича ишларнинг салмоқли қисми аллақачон ўзбекистонлик мутахассислар томонидан бажарилмоқда. Халқаро шериклик эса илғор тажрибаларни ўрганиш ва самарали технологик ечимларни миллий эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда мослаштириш имконини бермоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси