Польшанинг йирик компанияси ўзбекистонлик талабалар учун амалиёт ва ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиради
Август 10, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 82ВАРШАВА, 10 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз дипломатлари Марказий ва Шарқий Европадаги янги сабзавотлар ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи энг йирик компаниялардан бири — “Green Crops” раҳбари Кшиштоф Ружицкий билан учрашдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва “Green Crops” ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, аграр соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда талабаларнинг ўқув-амалий стажировка ўташи учун имкониятларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кшиштоф Ружицкийнинг сўзларига кўра, жорий йилда “AgriCool” грант лойиҳаси доирасида Ўзбекистондан 60 нафардан ортиқ талаба ва ирригация соҳасида фаолият юритаётган мутахассис-ўқитувчилар “Green Crops” компаниясида ҳақ тўланадиган ўқув-амалий стажировка ўтамоқдалар. У ўзбекистонлик талаба ва мутахассисларнинг компания фаолиятидаги иштироки иш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Компания раҳбари ушбу амалиётни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, 2027 йилда 200 нафарга яқин ходимни жалб этиш режалаштирилганини маълум қилди. Шу муносабат билан жорий йилнинг сентябрь ойида “Green Crops” компанияси раҳбари бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, Элчихона делегацияси “AgriCool” лойиҳаси доирасида жорий йилда “Green Crops” компаниясида стажировка ўтаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган ватандошлар яшаётган масканга ташриф буюрди. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан улар учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир аввалида иштирокчиларга мамлакат раҳбарияти томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга сифатли таълим бериш ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, шунингдек, хорижда билим ва амалий тажриба орттириши учун шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг маданий қисмида иштирокчилар ўзбек адабиёти намуналаридан шеърлар ўқидилар, миллий қўшиқларни ижро этиб, ўзбек халқ рақсларини намойиш этдилар.
Шунингдек, ватандошлар билан самимий ва мазмунли мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда миллий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган авлодда юқори маданий ва ватанпарварлик қадриятларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир доирасида “Green Crops” компанияси вакили Мацей ўз таассуротларини ўртоқлашди:
— Ассалому алайкум! Мен “Green Crops” компанияси вакилиман. Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “AgriCool” дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Авваламбор, Ўзбекистон элчихонаси делегациясига ташриф ва Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирни ташкил этишдаги иштироки учун миннатдорлик билдирмоқчиман.
Айниқса, “AgriCool” дастури доирасида Польшага амалиёт ўташ учун келган барча ўзбекистонлик талабалар билан учрашиш, уларни қўллаб-қувватлаш, зарур ёрдам кўрсатиш ва анъанавий польшача меҳмондўстлик билан кутиб олиш имкониятига эга бўлганимиз жуда муҳимдир.
Ўзбекистон ва Польшанинг ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишини яққол намойиш этган ушбу тадбирда иштирок этишдан жуда мамнунман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





