Иккинчи жаҳон уруши йилларида Германияда ҳалок бўлган ватандошларимиз хотираси ёдга олинди
Май 11, 2025. 12:43 • 2 дақ
• 109
БЕРЛИН, 12 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси диплопматлари Берлинда ўтказилган Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этишди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда урушда омон қолган фахрийлар, Берлинда жойлашган қатор дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Германия пойтахтининг Трептов парки ва Тиргартен ёдгорлик мажмуасида 1941-1945 йилларда фашизмга қарши урушда ҳалок бўлган аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди ва номаълум аскар ёдгорлиги пойига гул қўйилди.
Хотирлаш маросими қатнашчилари ушбу тадбирни ташкил этиш орқали Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларни абадий хотирлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Шунингдек, маросимда Қуръон тиловат қилиниб, халқимиз озодлиги учун жон фидо қилган ҳамюртларимиз ҳақига дуо қилинди.
Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабага Ўзбекистон халқи ҳам фронтда, ҳам фронт ортида катта ҳисса қўшган. 6,8 миллиондан ортиқ аҳолидан 2 миллионга яқин ўзбекистонлик фронтга чақирилган бўлса, уларнинг 500 мингдан ортиғи беаёв жангларда ҳалок бўлган. 301 нафар Ўзбекистон фуқароси Қаҳрамон унвонига, 53 нафари эса "Шон-шараф" ва бошқа орденларга сазовор бўлди.
Мамлакатимизда фронт ортида саноатни эвакуация қилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган. Хусусан, 430 дан ортиқ корхона юртимизга кўчирилган ва қайта қурилган, бу эса фронтни ҳарбий қурол-яроғ билан таъминлашда муҳим роль ўйнаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фронтолди ҳудудларидан миллионлаб эвакуация қилинганларни ўз бағрига олди, жумладан, 1,5 миллиондан ортиқ аёллар, болалар ва қарияларни қабул қилди.
Эвакуация марказига айланган Тошкент шаҳри эса уруш йилларида Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлиги ва қўллаб-қувватлаши рамзи сифатида "Нон шаҳри" ва "Халқлар дўстлиги шаҳри" номини олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси