Logo

“Die Welt”: Кимки Ўзбекистонга бир бор келса, яна қайта-қайта келишга талпинади

Январ 01, 2026. 13:32 • 3 дақ

137
“Die Welt”: Кимки Ўзбекистонга бир бор келса, яна қайта-қайта келишга талпинади

БЕРЛИН, 2 январь. /“Дунё” АА/. Германиядаги нуфузли “Die Welt” газетасида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Кимки Самарқандни кўрмаган бўлса, у ҳаргиз дунё гўзаллигидан бебаҳра қолибди”, деган жумлалар билан бошланади мақола. Немис нашрида Ўзбекистон тарихий, нақшинкор, мовий гумбазли биноларга бой мамлакат сифатида тасвирланади.

Материалда қайд этилишича, минг йиллар давомида Марказий Осиё орқали ўтган Буюк Ипак йўли бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар шунчаки савдо марказлари эмас, балки дунё цивилизациялари туташган, шоирлар, олимлар ва савдогарлар мулоқот қилган дунё чорраҳалари сифатида эътироф этилади.

“Самарқанд бугун гўёки дунё саҳнасини ўз бағрига чорлаётгандек. Феруза рангли гумбазлар осмон билан бўйлашган, нақшинкор безаклар эса илм ва гўзалликдан сўзлайди гўё. Бухоро сокин ва мафтункор тор кўчалари билан, Хива эса чўлу-биёбон бағридаги гавҳар мисол, айниқса, қуёш уфққа бош қўйгани каби эртакнамо манзараси билан сайёҳларни ўзига ром этади”, – дея таърифланади мақолада.

Материалда Ўзбекистоннинг табиий ландшафти – чўллар, унумдор воҳалар ва қорли тоғ чўққиларининг ўзига хос уйғунлиги алоҳида таъкидланган. Немис ўқувчиларига ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, ўтовларда нон ёпиш жараёни ва чой узатиш маданияти самимият рамзи сифатида таништирилади.

Ўзбек миллий таомларига юксак баҳо берилган. Хушбўй палов, тандирдан узилган иссиқ нон, тилни ёрувчи ширин қовунлар ва қуритилган мевалар таъми узоқ вақт киши хотирасида қолиши таъкидланган.

Манбада юртимизнинг барча ҳудудлардаги сайёҳлик имкониятлари, хусусан, Нукусдаги дунёга машҳур И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва ундаги ноёб коллекцияларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

“Die Welt” газетаси Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги ўрни мустаҳкамланиб бораётганига алоҳида урғу беради. БМТ Туризм ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилда халқаро туризмда энг юқори ўсиш суръатларига эга бўлган дунёнинг ТОП-7 давлати қаторидан жой олган. Бугунги кунга келиб, 2019 йилга нисбатан хорижий туристлар сони 73 фоизга ошгани, туризм соҳаси ривожланиб бораётган мамлакатлар орасида Европа минтақасида ўсиш суръатлари бўйича 2-ўринни эгаллагани таъкидланади.

Мақолада келтирилган статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг дастлабки 11 ойида Ўзбекистонга 10,7 миллиондан ортиқ хорижий меҳмон ташриф буюрган. Ўзбекистон 2023 йилда “Safety Perception Index” рейтингида дунёнинг 121 давлати орасида “Энг хавфсиз сайёҳлик мамлакат” сифатида эътироф этилгани. Бу эса сайёҳларнинг хотиржам саёҳат қилиши учун муҳим омил эканлиги таъкидланган.

Германия фуқаролари учун яратилган қулайликлар ҳам мақоланинг муҳим қисмидир. Немис сайёҳлари Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз киришлари мумкинлиги ва Франкфурт-Майн ҳамда Мюнхен шаҳарларидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” орқали тўғридан-тўғри парвозлар йўлга қўйилгани маълум қилинган.

Мақола якунида Ўзбекистон барча йўналишдаги сайёҳлар – маданият ихлосмандлари, экотуризм шинавандалари ва гастрономик саёҳат ишқибозлари учун бугунги замонавий туризмнинг барча йўналишлар ривожланган идеал маскан эканлиги таъкидланади.

“Кимки Ўзбекистонга бир бор келса, яна қайта-қайта келишга талпинади” деган илиқ фикрлар билан хулоса қилинган мақолада.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Samandar Xodjiyev

samandar@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш