“Ҳизбуллоҳ” давом этаётган жанговар ҳаракатлар фонида Исроил ва Ливан ўртасида эришилган келишувни рад этди
Июнь 05, 2026. 15:25 • 3 дақ
• 29
БАЙРУТ, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ҳамда Исроил ва Ливан ўртасида келишилган ўт очишни тўхтатишга доир янги битим шартларини рад этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “The Associated Press” агентлигига таяниб.
Ҳаракат етакчиси Наим Қосимнинг баёнотида келишув “Ливан халқининг кенг қатламлари” томонидан қатъиян рад этилгани, Вашингтондаги музокаралар эса Ливан учун “самарасиз” ва “камситувчи” бўлгани айтилади.
Унинг таъкидлашича, Исроилга ҳужумларни тўхтатиш ва “Ҳизбуллоҳ” жангариларини жанубий фронтдан олиб чиқиб кетишни кўзда тутувчи “ўт очишни тўхтатиш” деб аталаётган келишув, аслида, Исроилнинг мақсадларини бажаришни англатади ва таслим бўлишга тенгдир.
Аввалроқ, Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатишнинг мўрт режимини қайта тиклаганини ҳамда Ливан ичида “пилот” хавфсизлик зоналарини ташкил этганини эълон қилган эди. Келишувларга кўра, бу ҳудудларда “Ҳизбуллоҳ” жангариларининг фаолияти тақиқланиши лозим. Шунингдек, битим ҳаракат томонидан Исроилга қилинадиган ҳужумларни тўхтатишни ҳам назарда тутади.
Битим шартларига кўра, АҚШ Ливан қуролли кучлари барча нодавлат қуролли тузилмаларни истисно қилган ҳолда ҳудуд устидан мутлақ назоратни қўлга киритиши керак бўлган “пилот зоналар”ни яратишни мувофиқлаштиришда иштирок этади. Шу билан бирга, ҳужжатда зоналарнинг хариталари ва уларнинг фаолият юритиш механизмлари келтирилмаган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу билан вазиятни муҳокама қилганини айтиб, “бу борада ижобий силжиш кузатилаётганини” қайд этди. У, шунингдек, Ливан тинчликка эриша олса, “жуда яхши” бўлишини қўшимча қилди.
“AP” агентлиги кузатувларига кўра, Ливанда келишувга нисбатан муносабат турлича. Байрутнинг жанубий туманлари аҳолиси унинг самарадорлигига шубҳа билдириб, бир томонлама ўт очишни тўхтатиш ҳақиқий тинчлик деб ҳисоблана олмаслигини айтмоқда.
Келишувларга мувофиқ, ўт очишни тўхтатиш бўйича янада кенг қамровли битимга эришиш юзасидан кейинги музокараларни ўтказиш учун томонларнинг навбатдаги учрашуви 22 июнга режалаштирилган.
Битим муҳокамаси фонида жанговар ҳаракатлар давом этмоқда. Ливан жанубига янги зарбалар берилгани ва мамлакатнинг бир неча ҳудудида ҳаво ҳужумлари оқибатида одамлар ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. Шунингдек, УНИФИЛ позицияси ҳудудига миномёт снарядлари тушиши натижасида БМТнинг бир тинчликпарвари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди.
Исроил армияси “террорчилик инфратузилмасини йўқ қилиш” мақсадида Ливан жанубида амалиётларни давом эттираётганини маълум қилди. Бунга жавобан “Ҳизбуллоҳ” Исроил ҳарбий позицияларига ракета ва дронлар ёрдамида ҳужумлар уюштирганини билдирди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, можаро бошланганидан бери 3526 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, бир миллиондан ортиқ аҳоли ўз уй-жойини тарк этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Дания Бош вазири янги коалицион ҳукуматни муваффақиятли шакллантириб, ўз лавозимини сақлаб қолди



