Берлинда Ўзбекистон–Германия ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Июнь 05, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 44
БЕРЛИН, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Берлин федерал ўлкасининг иқтисодиёт, саноат, сиёсат, маданият ва илм-фан соҳаларидаги нуфузли вакилларини бирлаштирувчи “Berliner Freitagsrunde” ташкилоти билан ҳамкорликда тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда мазкур ташкилотнинг 100 нафарга яқин аъзолари, жумладан, ишбилармон доиралар вакиллари, жамоатчилик намояндалари, экспертлар ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, саноат кооперацияси, касбий таълим, малакали кадрлар тайёрлаш ва туризм соҳаларида яратилган янги имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистон–Германия муносабатларининг бугунги динамикаси, икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш истиқболлари алоҳида қайд этилди.
Элчи Дилшод Ахатов ўз нутқида Германия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. У икки давлат ўртасидаги муносабатлар иқтисодиёт, инвестициялар, саноат, таълим, меҳнат миграцияси, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда изчил ривожланаётганини қайд этди.
Дипломат Янги Ўзбекистондаги очиқлик, иқтисодий либераллашув ва институционал ислоҳотлар немис компаниялари, экспертлар ва жамоатчилик институтлари учун кенг имкониятлар яратаётганини маълум қилди. Шу боис, Берлин ишбилармон ва интеллектуал доиралари билан амалий мулоқотни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
“Berliner Freitagsrunde” ташкилоти бошқарувчи директори Михаэль Вайзер ўз чиқишида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатнинг Германия билан ҳамкорлик салоҳияти ташкилот аъзоларида катта қизиқиш уйғотганини эътироф қилди. У пойтахтдаги мазкур учрашув ўзаро мулоқотни кенгайтириш ва амалий алоқаларни ривожлантириш учун яхши имконият эканини қайд этди.
Тадбир давомида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, немис ишбилармон ва жамоатчилик доиралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бундай учрашувлар мамлакатимизнинг иқтисодий, инвестициявий, таълим, туризм ва маданий салоҳиятини яқиндан таништириш, шунингдек, янги амалий алоқаларни йўлга қўйиш учун муҳим имконият экани таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда истиқболли қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйича мулоқотни изчил давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




