Акрамжон Неъматов: Минтақавий стратегияларнинг уйғунлашуви Марказий Осиёни барқарор модернизация қилишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда
Январ 28, 2026. 19:43 • 4 дақ
• 174
ТОШКЕНТ, 28 январь. /“Дунё” АА/. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов кеча Тошкентда ўтказилган “Қозоғистоннинг сиёсий модернизацияси: ислоҳотлар, жамият талаби ва минтақавий контекст” мавзусидаги давра суҳбатида сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон бугунги кунда сифатли ривожланиш йўлига изчил ўтаётганини таъкидлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ташкил этилди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон ва Россия дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Ўзбекистон парламенти, эксперт ва илмий доиралари вакиллари иштирок этди.
Акрамжон Неъматовнинг фикрича, Қозоғистон раҳбарияти томонидан изчил илгари сурилаётган асосий ғоя ижтимоий онг, давлат институтлари ва иқтисодий тизимни ўзгартиришни ўз ичига олган кенг қамровли модернизация концепциясидир.
Беқарор халқаро вазият шароитида, давлатнинг узоқ муддатли ривожланиш йўналишларини шакллантириш ва амалга ошириш қобилияти барқарорликнинг асосий омилларидан бирига айланиб бормоқда. Бундай ёндашув алоҳида долзарблик касб этаётгани таъкидланди. Шу нуқтайи назардан, Қозоғистоннинг сиёсати нафақат миллий ривожланиш учун, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам муҳим йўналишни белгилаб бермоқда.
Акрамжон Неъматов минтақа давлатлари дуч келаётган структуравий муаммолар, жумладан, хомашёга қарамлик, технологик қолоқлик, демографик ва иқлим муаммоларининг ўхшашлигига алоҳида эътибор қаратди. Шу муносабат билан у модернизация жараёнларини амалга ошириш миллий стратегияларнинг минтақавий даражада узвий боғлиқлиги таъминланганда энг юқори самара беришини таъкидлади.
Экспертнинг баҳолашича, Марказий Осиёнинг салоҳияти ҳақиқатан ҳам катта. Бунинг яққол мисоли сифатида у барқарор ўсиш суръатлари ва юқори сифат хусусиятларини намойиш этаётган Ўзбекистон иқтисодиётини келтирди. Хусусан, 2026 йил бошига келиб ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард АҚШ долларидан ошди, экспорт ҳажми эса 33,4 миллиард долларга етди. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам асосан миқдорий ўсиш моделидан билим, технологиялар ва инновацияларга асосланган сифатли ривожланиш йўлига изчил ўтаётгани муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассис Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий кун тартибидаги чуқур модернизация йўлини изчил амалга оширишнинг ҳал қилувчи ролини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон раҳбарияти бошлаб берган ислоҳотларнинг сиёсий иродаси ва тизимли хусусияти барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, институционал ўзгаришларни жадаллаштириш ҳамда ҳаёт сифатини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган янги тараққиёт моделига ўтиш учун мустаҳкам замин яратишга имкон берди.
СМТИ вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг қамровли ва узоқ муддатли бўлиб, иқтисодий, ижтимоий ва бошқарув соҳаларини қамраб олади ҳамда бугунги кунда нафақат мамлакатнинг ички ривожланишига, балки минтақавий жараёнларнинг умумий динамикасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистоннинг модернизация йўлига Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бири сифатида қаралмоқда.
Акрамжон Неъматовнинг фикрига кўра, Қозоғистоннинг “Адал азамат” концепцияси ва Ўзбекистоннинг “Инсон қадри” стратегиясидаги қадриятли ёндашувларнинг ўзаро уйғунлашиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу ташаббусларни бирлаштириш жамиятда масъулиятли фуқароликнинг ягона стандартини шакллантиришга ёрдам беради. Бундай ёндашув доирасида инсон тараққиётнинг асосий манбаи сифатида қаралади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, шунингдек, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ташаббусларига таяниб, эксперт минтақавий ҳамкорликнинг қатор устувор йўналишларини белгилаб берди.
Биринчидан, технологик ва инновацион ривожланиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Юқори қўшилган қийматли иқтисодиётга ўзаро мувофиқлашган ҳолда ўтиш, юқори технологияли тармоқлар, илмий тадқиқотлар ва инновацион экотизимларни ривожлантириш, минтақанинг глобал меҳнат тақсимотидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун шарт-шароит яратади.
Иккинчидан, инсон капиталини тизимли ривожлантириш мақсадида салоҳиятларни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди. Таълим тизимлари ва кадрлар тайёрлаш механизмларини меҳнат бозорининг ўзгарувчан талабларига мослаштириш, муҳандислик, рақамли ва бошқарув компетенсияларини ривожлантириш Марказий Осиёнинг узоқ муддатли рақобатбардошлигининг асосини ташкил этади.
Учинчидан, экологик барқарорлик ва иқлимга мослашиш соҳасида мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг аҳамияти ортиб бораётгани кўрсатилган. Энергия самарадорлиги, “яшил” энергетикани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги унумдорлиги ва барқарорлигини ошириш бўйича қўшма ёндашувлар иқлим кун тартибини хавф манбасидан ўсиш омилига айлантириш имконини беради.
Тўртинчидан, транспорт ва логистика сиёсатини уйғунлаштиришнинг долзарблиги алоҳида таъкидланди. Кўп тармоқли транспорт йўлаклари тизимини яратиш ва инфратузилма лойиҳаларини мувофиқлаштириш Марказий Осиёни Евроосиёнинг йирик транспорт-логистика марказига айлантириш учун шароит яратади.
Бешинчидан, рақамлаштиришни ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Рақамли стратегияларни мувофиқлаштириш, сунъий интеллект ечимлари ва электрон давлат хизматларини ривожлантириш кенг кўламли таъсир кўрсатиб, ислоҳотларни жадаллаштиради ва давлат бошқаруви сифатини оширади.
Олтинчидан, маданий-гуманитар ҳамкорлик зарурияти қайд этилди. экпертнинг сўзларига кўра, умумий маданий-тарихий маконни шакллантириш ва минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш бир вақтнинг ўзида барқарорлик омили ва узоқ муддатли ривожланиш драйвери ҳисобланади.
Акрамжон Неъматов сўзининг якунида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг жадал модернизациялашуви бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ўсиши учун мустаҳкам асос яратаётганини алоҳида қайд этди. Эксперт ҳисоб-китобларига кўра, ушбу саъй-ҳаракатлар минтақавий даражада тизимли равишда бирлаштирилган тақдирда, минтақа учта асосий натижага эришиши мумкин: халқаро субъектликни мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва ташқи таъсирларга чидамлиликни кучайтириш.
“Модернизация – бу шунчаки сиёсий танлов эмас. Марказий Осиё учун бу янада самарали минтақавий ҳамкорлик, барқарор ривожланиш ва ижтимоий тараққиётнинг объектив йўлидир”, дея хулоса қилди СМТИ вакили.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
